Миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида ҳарбий ватанпарварлик ойлиги муносабати билан “Мен албатта ҳарбий бўламан” шиори остида коллеж ўқувчилари билан туманимизнинг “Хўжамазгил” МФЙ ҳудудидаги чегара қўшинлари зобит ва аскарлари ўртасида учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув коллежнинг “Пайвандлаш ишлари” ва “Компьютер инженеринг” гуруҳлари ўқувчиларининг она Ватанни тараннум этувчи қўшиқ ва шеърларини ўқишлари билан бошланди. Сўнгра Ватанимиз сарҳадларини турли террористик гуруҳлардан ҳимоя қилишда мардонавор хизмат қилганлар хотирасига бағишланган видеолавҳалар кўрсатилди. Коллежнинг “Ёш чегарачилар” тўгараги аъзолари иштирокида бир нечта саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Тадбирда иштирок этган муддатли ҳарбий хизмат аскари Ҳусниддин Муҳиддинов ва шартнома асосида хизмат қилаётган оддий аскар Давлатжон Эшжоновлар сўзга чиқиб, ҳозирги пайтда ҳарбий қисмларидаги аскарлар учун яратиб берилган қулай шарт-шароитлар, у ердаги тартиб-қоидалар ва Қуролли Кучлардаги хизмат турлари ҳақида ўқувчиларга тушунчалар беришди. Учрашувда коллеж битирувчиларидан Шаҳноза Эшқувватова, Севара Миралиева, Жавоҳир Кўчимов ва Улуғбек Неъматовлар ҳарбий соҳа бўйича ўзларини қизиқтирган барча саволларга тўлиқ жавоблар олишди. Шунингдек, келгусида ҳарбий қисм хизматчилари билан коллеж битирувчилари ўртасида қизиқарли, баҳсли кечалар ташкил қилишни келишиб олишди.
Нуриддин ОЛИМОВ,
ҳарбий қисм кичик сержанти.