“Килдон” маҳалласида яшовчи тадбиркор Бахтиёр Бурхонов ташаббуси билан маҳалла марказида “Элбек Файз” кичик корхонаси ишга туширилди.
- Кўпдан буён ташландиқ ва эътибордан четда қолган эски бино ўрнида кичик корхона очиш тўғрисидаги фикримни маслаҳат тариқасида маҳалла оқсоқолига тушунтирдим, - дейди тадбиркор Бахтиёр Бурхонов. - Маҳалла раиси Турсунқул Бобоқулов бу фикримни маъқуллади ва:
- Яхши ўйлабсан, ташаббусингга қўшиламиз. Биздан нима ёрдам керак бўлса бемалол айтавер, - деди.
Сўнг тегишли ҳужжатлар асосида иш дастлаб эски бинони суриб ташлашдан бошланди. Янги лойиҳа асосида замонавий бино қурилди. Қурилишга 100 миллион сўм пул харажат қилинди. 70 миллионга эса Хитой технологияси асосида яратилган замонавий асбоб-ускуналар сотиб олинди. Айни пайтда корхонада 10 нафар киши доимий иш билан таъминланди. Корхона ҳудудида кийимларни кимёвий тозалаш, турли ҳажмдаги мебеллар ишлаб чиқариш, “Бегойим” гўзаллик салони ва келин-куёвлар либосларини тикиш ишлари амалга оширилмоқда. Келгусида тадбиркорларга берилаётган имтиёзлардан фойдаланиб, кредит асосида тикув машинкалари олиб, коллежни битирувчи қизларига ишчи ўринлари яратиш режалаштирилган.
Корхона ишга тушгани яхши бўлди, - дейди маҳалла фуқароси Дилмурод Хўжаназаров. - Куртка ва костюмларни тозалаш учун атайлаб шаҳарга бориб, овора-ю-сарсон бўлардик. Уйда ювилган котюм-шимларни эса ишга, кўчага, тўй-маъракаларга ҳавас билан кийиб бориб бўлмас эди. Корхона ишга тушган куни қаторасига иккита костюм ва курткаларимни янгидай қилиб беришди. Шу ерда ишлаётганларнинг қўли дард кўрмасин.
Раббим ҲОТАМОВ.