Ўзбекистонда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш учун аълоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўқув-тарбия жараёнига ўқитишнинг замонавий, илғор шакллари, янги педагогик ва ахборот технологиялари, таълим-тарбиянинг самарали шакл ва усуллари жорий этилмоқда. Қувонарлиси, таълимнинг пойдевор қатламида бундай муҳитнинг яратилишидан туманимиз болажонлари ҳам бенасб қолмаяпти.
Бугун марказ маҳаллаларидан то олис қишлоқларимизгача янги, замонавий биноларда тарбияланаётган ўғил-қизларга кўзингиз тушади. “Қўнғирот” маҳалласи болажонларини ўз бағрига олган 26-мактабгача таълим ташкилоти ҳам замонавий талабларга мос.
Бу таълим маскани анча йилдан буён қишлоқ болаларини тарбиялаб келишига қарамай, эски бинода фаолиятини олиб борар эди. 2021 йил маҳалла фаоллари ва туман ҳокимлигининг саъй-ҳаракатлари билан янги, замонавий, ҳамма шарт-шароитларга эга бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Айни кунларда таълим масканида 120 нафар болажонлар тўртта гуруҳга бўлинган ҳолда тарбияланади. Бу гуруҳларда ўн тўртта педагог ҳодим ўқув машғулотлари олиб боришади.
Ўтган бир йил давомида тарбияланувчиларнинг севимли масканига айланиб улгурган боғча фаолияти ҳақида 26-мактабгача таълим маскани раҳбари Динара Бобоқуловага мурожот қилдик: Мактабгача таълим соҳасида мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга оширилаётганини бугун ҳар бир юртдошимиз сезиб, кузатиб турибди, - дейди Динара Бобоқулова. Таълимнинг пойдевори ҳисобланмиш мактабгача таълим тизимига давлат томонидан бу қадар тизимли ва бир бирини тўлдирувчи эътибор ҳамда амалий ёрдам шу кунга қадар кузатилмаган эди, десак муболаға бўлмас!.. Бунга яққол мисол қилиб олис-олис қишлоқларда барпо бўлаётган, ҳар тамонлама шароитларга эга мактабгача таълим ташкилотларининг барпо бўлаётганини айтишимиз мумкин. Бизнинг боғчамиз ҳам мана шундай имкониятлар ортидан барпо бўлди.

Маълумотларга қараганда, инсон 7 ёшигача умри давомида оладиган билимининг 70 фоизини ўрганар экан. Бундан кўринадики, 7 ёшдан кейинги оладиган билимимиз 30 фоизни ташкил этар экан. Шунинг учун биз тарбияланувчиларимизнинг илм ўрганишларига алоҳида эътибор қаратамиз. Келажакдаги устувор режаларимиздан бири эса боғчамизни тумандаги илғор боғчалардан бирига айлантириш.

Энг муҳими, қишлоқ болалари ҳам шаҳарда тарбияланаётган фарзандлардан фарқи йўқлигини исботлашга ҳаракат қилмоқдамиз. Эътибор берсангиз, ОАВда асосан шаҳар боғчалари, уларнинг болажонлари ҳаёти ёритилади. Биз тарбиячиларимиз билан чекка-чекка ҳудудларда ҳам исътедодли ўғил-қизлар борлигини кўрсатишимиз керак. Инглиз, рус ва ўзбек тилига ихтисослашган гуруҳларини ташкил қилиб, уларда таълим оладиган болажонларни республикамизда ташкил қилинадиган турли танлов ва мусобақаларда қатнаштириш ниятларимиз ҳам бор.

Ушбу масканда фарзанди тарбияланаётган Дилдора Убайдуллаевадан таълим даргоҳи, унда фаолият олиб бораётган педагог ҳодимлар ҳақида сўраганимизда қуйидагича жавоб берди:
-Бу маҳаллага келин бўлиб тушганимга яқинда 8-йил тўлади. Ҳозирги кунда икки нафар фарзанднинг онасиман. Ўзим шу ҳудудда жойлашган 53-умумтаълим мактабида ўқувчиларга инглиз тилидан дарс бераман. Келин бўлиб тушган йилларим қишлоғимизда боғча йўқ эди. Бори ҳам кичкина, талабга жавоб бермасди. Шу сабаб мен қатори ишлайдиган оилалар туман марказидаги боғчаларга фарзандларини беришга мажбур эди.
2021 йилда Президентимиз ташаббуси билан 26-мактабгача таълим ташкилоти учун янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳозирги кунда фарзандларимиз таҳсил олаётган даргоҳ марказ таълим масканларидан қолишмайди. Тайёрлов гуруҳида сабоқ олаётган ўғлим Сардорбек ўз ишига масъулиятли тарбиячиларининг турли ўқув машғулотларида фаол қатнашиб, кўзимни қувонтиради. Мен каби қишлоғимизда истиқомат қилаётган аёлларнинг ҳар бири болаларининг ҳар томонлама шароитларга эга боғчада фарзандлари тарбияланаётганига қувонади.
Хуллас, дунё мамлакатларининг мактабгача таълим соҳасидаги тажрибаларини ўрганиш ва улардан миллий менталитетимизни ҳисобга олган ҳолда фойдаланиш натижасида барпо этилаётган, фойдаланишга топширилаётган мактабгача таълим ташкилотлари эртамиз авлодларининг етук инсон бўлиб етишишлари учун қилинмоқда. Бугун номи тилга олинган боғчамиз ҳам қишлоқ болажонларининг эртаси бугунидан обод бўлишига пойдевор яратади, деб ўйлаймиз.
Малика СУЮНОВА тайёрлади.