Таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўқувчиларнинг чуқур билим олишга қизиқиши ва иштиёқини кучайтириб, ўқитувчилик касбининг обрўсини оширишни таъминлаяпти. Янги ўқув йили бошланиши муносабати билан 45-умумтаълим мактабида ўтказилган тадбирда бу кўзга ташланиб турди. Чунки, шу куни мактабнинг янги қурилган ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Мактаб директори Ортиқбой Ибрагимов, туман халқ таълими бўлими мудири Абдуалим Умрзоқовлар ўқитувчи ва ўқувчиларни янги ўқув йили бошланиши ва янги замонавий бино фойдаланишга топширилаётгани муносабати билан қизғин табриклашди.
- Мактабимиз аввал 520 ўринли мослаштирилган биноларда бўлиб, 904 нафар ўқувчилар учун ўрин сони камлик қиларди, дейди мактаб директори Ортиқбой Ибрагимов. - “Амиржон комфорт стил” хусусий фирмаси томонидан қуриб битказилган 10 та синф хонали янги ўқув биноси эса ўринлар сонини 320 тага кўпайтирди. Бунинг учун давлатимиз томонидан 2 миллиард 250 миллион сўм маблағ ажратилди.
- Мен кўп йиллар халқ таълими соҳасида меҳнат қилган бўлсам-да, бундай қулай ва кўркам, замонавий шароитларга эга таълим муассасасини орзу қилганман холос, - деди тадбирда сўзга чиққан меҳнат фахрийси Бувтош Қамарова. – Ана шундай шароритларни яратиб бераётган давлатимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак арзийди. Ўқувчилар эса бундай имкониятлардан тўғри фойдаланишиб, чуқур билим олишлари ва жамиятимизнинг зукко фарзандлари бўлишлари лозим.
Янги мактаб биносининг фойдаланишга топширилиши шу куни унинг очилиши муносабати билан ўтказилган тадбирга ташриф буюрган ота-оналар, фаоллар ва ўқувчи ҳамда устоз-мураббийларга бир олам қувонч бахш этди.
Ўз мухбиримиз.
Суратда: мактаб директори Ортиқбой Ибрагимов (чапда) мактабнинг янги биноси калитини қабул қилиб олаяпти.