БАЙРАМГА МУНОСИБ СОВҒА
Ўқитувчи ва мураббийлар байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 июндаги 475-сонли қарори асосида Эломон МФЙ марказида тадбиркор Шуҳрат Ҳазратов ташаббуси билан Давлат хусусий шериклик шартномаси асосида 200 ўринли “Марҳабо Жўшқин” номли мактабгача таълим ташкилоти биноси қурилиб фойдаланишга топширилди.
Замонавий кўринишга эга бўлган бинонинг очилишига бағишланган тадбирда туман ҳокимлиги, маҳалла оқсоқоллари, фаоллари, меҳмонлар, ота-оналар ва мутассадди ташкилотлар ходимлари иштирок этишди. Тадбир давомида 11, 23, 3-МТТ тарбияланувчилари шўх қўшиқлар куйлашиб, рақсга тушишди. Жажжи болажонлар спортнинг карате тури бўйича машқларни намойиш этишиб, тадбир иштирокчиларининг қизғин олқишига сазавор бўлдилар.
Тадбирда туман ҳокими Баҳодир Баҳрамов, 2-сектор раҳбари - туман прокурори Азизбек Абдураҳимовлар маҳалла аҳолисига шундай ажойиб МТТ қуриб берган тадбиркор Шуҳрат Ҳазратовга тадбир иштирокчилари номидан ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Туман ҳокими Баҳодир Баҳрамов маҳалла фаоллари иштирокида янги бинони очиб берди. Тадбир иштирокчилари болажонлар учун ҳар томонлама қулайликка эга бўлган хоналарни кўздан кечирдилар.
- Бу бино ўз вақтида қурилганлиги билан ҳаммамизни қувонтириб юборди, - дейди фахрий ўқитувчи, маҳалла фаолларидан бири Умурзоқ Содиқов. - Қишлоқ аҳолисига яратилиб берилаётган бундай имкониятлар учун туман ҳокимлигига маҳалламиз аҳолиси номидан катта миннатдорчилик билдирамиз.
- Боғча қурилиши ишларига Микрокредитбанкдан олинган 4 миллиард 150 миллион сўм кредит харажат қилинди, - дейди тадбиркор Шуҳрат Ҳазратов. - Бу бинони “Умиджон Ўлмасжон савдо” МЧЖ фирмасининг қўли гул қурувчилари бунёд этишди.
МТТнинг янги биноси очилиши билан 50 нафар болажонлар қабул қилинди. Шунингдек, Эломон МФЙ фуқароларидан 15 нафар киши доимий иш билан таъминланди.
Раббим ҲОТАМОВ.