БОЛАЛАРГА ҚУВОНЧ БАХШ ЭТДИ.
Нодавлат таълим муассасасининг Улуғбек МФЙга қарашли Хатча массивидаги намунавий уйлар ўртасида қурилиб ишга туширилиши болажонлар ва уларнинг ота-оналарига ўзига хос совға бўлди
Боғчанинг очилишига бағишланган тадбир иштирокчилари олқиши остида “Миттивой болажон” НТМнинг рамзий калити тадбиркор, боғча мудираси Юлдузхон Раимовага тантанали равишда топширилди.
- Янги намунавий уйларда яшаётган аҳолига қулайлик яратиш учун маиший хизмат уйига мўлжаллаб қурилган бинони зарурат туфайли болалар боғчасига айлантирдик, - дейди “Миттивой болажон” нодавлат таълим муассасаси мудираси Юлдузхон Раимова. - Бу иш туман ҳокими Б. Бахрамов раҳбарларлигида маҳаллий аҳоли эҳтиёжи ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилди.
Замонавий кўринишга эга, 50 нафар болага мўлжалланган бу бинода болажонлар учун ҳамма қулай шароитлар яратилган.
- Бу боғчанинг очилиши ҳаммамизни қувонтириб юборди, - дейди намунали уйларда яшаётганлардан бири, 70 ёшли Эркин бобо Синдоров. - Бунгача невараларимизни бу ердан анча олисда бўлган туман марказидаги болалар боғчасига олиб борардик. Бу эса фақат бизгагина эмас, шу янги уйларда яшаётганларнинг ҳаммасининг муаммоси эди. Шу сабаб бизга анча қулайлик яратиб берган тадбиркор қизимиз Юлдузхон Раимовага, туман ҳокимлиги раҳбарларига ота-оналар номидан ўз миннатдорчилигимизни билдираман.
Болажонларнинг севимли маскани бўлган “Миттивой болажон” нодавлат таълим муассасаси очилиши тадбирида Улуғбек МФЙ фаоллари, ота-оналар, жажжи болажонлар, туман ҳокимининг ўринбосари Бекзод Ильчиев, туман мактабгача таълим муассасалари бўлими мудири Умида Гўбаевалар иштирок этишди.
Тадбир давомида болажонларга туман ҳокимлиги ва туман мактабгача таълим муассасасининг совғалари - ўинчоқлар, эртак китоблар, турли рангдаги қаламлар ва расм альбомлари кенг жамоатчилик иштирокида, тантанали равишда топширилди.
Раббим ҲОТАМОВ.
Муаллиф олган сурат.