Бир нарсани ҳамма аниқ тушуниб олиши зарур.
Ҳоким ёрдамчилари - Президентнинг маҳалладаги вакиллари ҳисобланади. Уларнинг асосий вазифаси - ўз маҳалласида тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўрни яратиш, камбағалликни қисқартириш ва оилалар даромадини кўпайтиришдан иборат.
Бунинг учун ҳоким ёрдамчилари ҳар қандай бюрократиядан холи бўлиши, ҳеч қайси ҳоким ёки раҳбар уларни мажлисларга чақирмаслиги, турли ҳисоботлар билан “кўмиб ташламаслиги” лозим. Улар учун фақат шароит яратиб бериши керак.
Шавкат МИРЗИЁЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти.
Жасур Мисиров туманимиздаги Қўнғирот маҳалласида ҳоким ёрдамчиси сифатида иш бошлади.
– Ишнинг биринчи куни тадбиркорлар билан самимий суҳбатдан бошланди, - дейди ҳоким ёрдамчиси Жасур Мисиров. - Маҳалла ҳудудидаги 32 нафар тадбиркорлар иш фаолияти ва муаммолари билан яқиндан танишдим. Суҳбат давомида ишсиз юрган 10 нафар киши доимий иш билан таъминланди. 2 нафар киши паррандачилик фермасига, 8 нафар киши фермер хўжаликларидаги ишларга жалб қилинди.
Маҳалла ҳудудидаги Жонхўроз, Қорақўнғирот, Зертош, Манғит, Каттақуёнчи, Наврўз каби қишлоқларида яшовчи аҳоли асосан кўчатчилик, томорқа ва чорвачилик билан шуғулланишади. Ҳозиргача “Темир дафтар”да турган 40 нафар киши мотокультиватор, карчер, тикув машиналари, инкубатор, қисқа тўлқинли печь билан таъминлангани боис ҳаммаси иш билан таъминланди.

Каттақуёнчи қишлоғида яшовчи фуқаро Шаҳло Қушманова иссиқ хонасида, кўчат етиштирувчи Абдурасул Аҳмедовларнинг томорқасидаамалга ошираётган ибратли ишларини ҳоким ёрдамчиси Жасур Мисиров Қўнғирот МФЙ раиси Жамила Турдибекова, участка инспектори, сержант Бекмурод Абдураҳмоновлар билан биргаликда кўздан кечиришди.
Раббим ҲОТАМОВ.