Яқинда Мусиқа ва санъат мактабининг мажлислар залида туман ҳокими Б. Баҳромов маҳаллалардан муаммолари ва таклифлари билан ташриф буюрган ўттизга яқин фуқароларни қабул қилди. Қабулда туман ташкилотлари раҳбарлари, масъул ходимлари ҳам иштирок этишди. Ҳоким мурожаат билан келган ҳар бир фуқаро билан алоҳида суҳбатлашди. Жумладан, “Сариқипчоқ” МФЙ фуқароси Орзубек Маҳмудов, “Оқтош” МФЙ фуқароси Гулзода Алиқулова, “Хўжабачча” МФЙ фуқаролари Зокир Қосимов ва Соҳиба Махсумовалар ҳамда “Булунғур ариқ” МФЙ фуқароси Гулнора Алимоваларнинг ўз маҳаллалари ҳудудларида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун ер ажратилиши ҳақидаги, “Истиқлол” МФЙ фуқаролари Зарифа Исақова ва Фарход Самадовларнинг газ баллонлари билан таъминланишлари тўғрисидаги мурожаатлари, “Хўжабачча” МФЙ ҳудудидаги маҳалла фаоли ??? Ғаппаровнинг шу ҳудуддаги 1200 тонна сиғимга эга бўлган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш учун мўлжалланган омборхонанинг ишга туширилиши ва янги иш ўринлари яратиш ҳақидаги таклифлари, шунингдек, қабулга келган барча фуқароларнинг мурожаатлари ҳам тегишли соҳа мутахассислари билан биргаликда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал қилинди. Мутахассислар томонидан уларга тушунчалар берилди.
Кези келганда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз, ўтган йили хафтанинг ҳар белгиланган куни туман ҳокими 120 – 150 нафаргача фуқароларни қабул қилиб, мурожаатларини ижобий ҳал қилишга ҳаракат қиларди. Ҳозир эса ҳоким нафақат хафтанинг белгиланган куни, балки, ҳар куни фуқароларни қабул қилиб, уларни тинглаб, мурожаатларини, муаммоларини жойнинг ўзида ижобий ҳал қилаётганлиги сабабли қабул кунлари 20-25 нафаргача фуқаролар ташриф буюришаяпти. Бу фуқароларнинг сони бундан ҳам кам бўлиши мумкин эди... агарда, тегишли ташкилотлар раҳбарлари, мутассаддилари, мутахассислари идораларига ўз муаммолари, ташвишлари ва таклифлари билан мурожаат қилган фуқароларни ўз вақтида қабул қилиб, уларни тушуниб, ўз хизмат вазифаларига совуққон муносабатда бўлмасдан, уларнинг дардини тинглаб, муаммоли масалаларга ечим топишганида бугун кўпчилик фуқароларнинг ҳоким қабулига келишлари шарт бўлмасди. Ҳоким қабулига келган фуқароларнинг кўпчилиги шу пайтгача тегишли идоралар раҳбарларига бир эмас, бир неча бор мурожаат қилиб, муаммолари ҳал бўлмагач, ҳокимиятгача келишга мажбур бўлишган. Истардикки, юқорида номлари келтирилган ташкилотлар ва муассасалар раҳбарлари масъулиятни ҳис этиб, халқ дардини тинглашга, уларга амалий кўмак беришга киришсалар. Ана шунда ҳокимият ва юқори турувчи органларга мурожаат қилувчилар сони кескин камайишига эришган бўламиз.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.