Яқинда халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашининг навбатдаги қирқ саккизинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Асқар Умаров, халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Бахтиёр Абдуллаев, туман кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари, ташкилот ва корхона раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Сессияда “Булунғур туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан 2021 йилда амалга оширилган ишлар якунлари ҳамда 2022 йилги вазифалар тўғрисида” туман ҳокими Баҳодир Баҳромовнинг мурожаати эштилди.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида саноат ишлаб чиқариш ҳажми 104,6 фоизни, қишлоқ хўжалиги соҳасида 100,6 фоизни, қурилиш-пудрат ишлари ҳажми 118,7 фоизни ташкил этмоқда. Туманда аҳолини ижтимоий-қўллаб қувватлаш борасида маҳаллабай-хонадонбай юриб, ҳар бир маҳалланинг мавжуд имкониятларидан ва ўсиш нуқталаридан келиб чиқиб, тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизликни камайтириш, ҳар бир оилага доимий даромад манбаини яратиш кераклиги, маҳалладаги “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилаларнинг муаммоларини тўлиқ ўрганиш, тадбиркорлик субъектларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш, бюджетга тушумлар миқдорини кўпайтириш тўғрисида ҳам тизимли ишлар олиб борилган.
Туманда маҳаллабай ишлаш маркази тартиби жорий этилиб, 27 нафар ходимлар махаллаларда фаолият олиб боришмоқда. Марказ томонидан мавжуд хонадонларда ўтказилган хатлов асосида 6938 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқаролар аниқланган. Шундан 2371 нафари ишлаш истагини билдирди. Улардан 1867 нафарининг бандлиги таъминланган. Шундан 1077 нафари ёшларнинг 421 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Туманда тижорат банклари томонидан 2021 йилда аҳолининг бандлигини таъминлаш, оилавий тадбикорликни ривожлантиришга қаратилган ижтимоий дастурлар бўйича жами 1436 та лойиҳаларга 34 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилган. Жумладан, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида 1255 та лойиҳага 299 млрд. 963 млн. сўм, Фермер ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 33 та лойиҳага 1 млрд. 502 млн. сўм, ҳунармандчилик соҳасига 17 та лойиҳага 445 млн. сўм, маҳаллий ҳокимлик ҳузуридаги жамғармалар ҳисобидан 54 та лойиҳага 1 млрд. 105 млн. сўм, хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳисобидан 32 та лойиҳага 457 млн. сўм, ёшлар келажагимиз дастури асосида 45 та лойиҳага 856 млн. сўм имтиёзли банк кредитлари ажратилган.
Жорий йилда туманнинг Олмазор маҳалласи Ғўбдин массивида 5 та беш қаватли, 20 та хонадондан иборат, жами 100 та хонадонли турар-жой бинолари қурилиши учун 16 млрд. 161 млн. сўм маблағ ажратилган.
2022-2024 йилларда туманнинг Ғўбдин маҳалласи ҳудудидан жами 28 гектар ер майдонида 53 та 5 қаватли, 20 хонадан иборат, 1030 та хонадонга мўлжалланган турар-жой бинолари қурилиши режалаштирилган. Шунингдек, ушбу массивда 3 та 400 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси, 2 та 2112 ўринли умумтаълим мактаби, 1 та 110 ўринли меҳмонхона, 1 та ички ишлар таянч пункти, 1 та истироҳат боғи, 1 та поликлиника, 5 та спорт комплекси, 1 та жомъе масжиди ҳамда 5 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилади.
Сессия сўнгида туман ҳокими Баҳодир Баҳромовнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари билан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига туман ҳокими томонидан аниқ фактларга асосланган жавоблар қайтарилди.