Халқ депутатлари туман Кенгашининг 8 сессияси бўлиб ўтди. Сессияда 9 та масала кўриб чиқилди. Сессияни халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Б.Баҳрамов олиб борди.
Кун тартибидаги биринчи ва саккизинчи масалалар “Туманда хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар” ҳамда “Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар дастурининг бажарилиши юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида” туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаолиятини ошириш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар билан ишлаш бўйича биринчи ўринбосари М.Қурбонова ва туман ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи А.Абдусаматовларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Хусусан, давлатимиз раҳбари ва Олий Мажлис Сенати томонидан чиқарилаётган қарорлар ижросини таъминлаш борасида туманда муайян ишлар қилинмоқда. Масалан, тумандаги 142 нафар оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича дастур ишлаб чиқилган. Дастурга асосан республика касаба уюшмаси томонидан биринчи босқич учун 150. 400. 000 сўм ҳисоб рақамга келиб тушган. Шундан 6 ой якунига кўра туманда 11 нафар хотин-қизларга 16. 300. 000 сўмлик тикув машиналари олиб берилган. 42 нафар хотин-қизларга 82. 200. 000 сўм, 1 нафар фуқарога эса коммунал тўловлари учун 2. 000. 000 сўм маблағ ажратилган. Шунингдек, 3 нафар камбағал оилага 1 бошдан қора мол олиб берилган.
Кун тартибидаги иккинчи масала - ТАП (Булунғур Агропилла) МЧЖ томонидан 2020 йилнинг 1-ярим йиллиги давомида амалга оширилган ишлари тўғрисида ТАП (Булунғур Агропилла) МЧЖ раиси С.Бобожоновнинг ҳисоботи тингланди. Шунингдек, сессияда тумани Маъмурий судининг раиси Ш.Тўхтаевнинг ҳамда Жиноят ишлари бўйича туман суди раиси Г.Негматовларнинг “2020 йил 1-ярим йиллиги давомида одил судловни амалга ошириш борасида” бажарилган ишлар юзасидан ахборотлари эшитилди.
Сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, ЎзХДП депутатлик гуруҳи аъзоси А.Азимов томонидан юборилган депутатлик сўровига асосан Булунғур тумани Мактабгача таълим бўлими мудири У.Губаеванинг “Тумандаги боғча ёшидаги болаларни қамраб олиш ҳолати юзасидан олиб борилаётган ишлар ва галдаги вазифалар” тўғрисида ҳисоботи эшитилди. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси депутатлик гуруҳи ташаббуси билан киритилган “Булунғур туман электр таъминоти корхонасининг 1-ярим йилликда амалга оширилган ишлари ҳақидаги ахбороти тингланди.
Шунингдек, туман прокуратурасининг 2020 йил 6 ойи давомида қонунийликни мустаҳкамлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлари юзасидан туман прокурори А.Абдураҳмоновнинг ахбороти эшитилди.
Сессия кун тартибидаги тўққизинчи масала “Коронавирус пандемияси даврида камбағалликни қисқартириш мақсадида ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган зарур чора-тадбирлар тўғрисида” туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Д.Шакарбоев ахборот берди.
Сессяда кўрилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.