Жорий йилнинг 25 март куни Халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашининг навбатдаги йигирма саккизинчи сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, сектор раҳбарлари, сессия ишига алоқадор ташкилот раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Биринчи масала туман аҳолисининг турмуш даражасини яхшилаш уларнинг доимий даромад манбаларини яратиш, қишлоқларнинг архитектура қиёфасини тубдан янгилаш ва ҳудудларни ободонлаштириш бўйича 2021 йилда “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга ошириладиган ишлар режаси тўғрисида туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи ўринбосари Д.Хабибуллаев, туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Р.Халжигитовнинг ҳисоботи эшитилди.

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилда “Обод қишлоқ” дастури асосида туманимизда ҳам аниқ режалар асосидаги ишлар белгилаб олинган – дейишди маърузачилар. – Хусусан жорий йилда туманимиздаги 2 та қишлоқ “Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Бу қишлоқлар Мингтепа маҳалласидаги Бирлик ва Хўжамазгил маҳалласидаги Фармонтепа қишлоқларидир. Дастур доирасида мазкур қишлоқларнинг ободонлаштирилиши яъни ички йўлларнинг таъмирланиши, сув таъминотининг яхшиланиши, ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш, ирригация тармоқларини янгилаш ва МФЙ биноларини қуриш ва реконструкция қилиш йўналишлари учун 15,1 млрд сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Сессия кун тартибидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сонли “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан туман ҳокимлиги ташкилий назорат гуруҳи раҳбари Б.Мамадияровнинг ҳисоботи эшитилди.
Шунингдек сессия кун тартибидаги туман маҳаллий бюджетининг 2021 йил бошига сақланган эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан ажратиладиган маблағлар тўғрисидаги масала ҳам депутатлар томонидан кўриб чиқилди ва муҳокама этилди.
Сессия кун тартибидаги барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.