Айрим фуқаролар оқибатдан, одамгарчиликдан кўра моддиятни устун билишмоқда. Шу боисдан ҳам сўнгги йилларда ота-онадан қолган уй-жой, мол-мулк тақсимланишида ака-укалар, опа-сингиллар, қавму-қариндошлар ўртасида келишмовчиликлар, можаролар келиб чиқмоқда ва ҳатто айрим ҳолларда бундай нохушликлар оқибатида оғир жиноятлар ҳам содир этилмоқда.
Сухроб (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўттиз ёшга тўлмасдан жиноятнинг бир қанча кўчаларига кириб чиқди. У содир этган жиноятлари учун шу пайтгача бир эмас, икки эмас, нақ уч маротаба судланди. Бироқ кўзи очилмади. Устига-устак шу пайтгача бирор ишнинг бошини ҳам тутмади. Жиноий жавобгарликдан озод қилинганидан сўнг ҳам ижобий хулоса қилмади. 2020 йилнинг май ойидаги сўнгги судланишидан икки ой ҳам ўтмасдан яна жиноятга қўл урди. Бу гал у оғир жиноят содир этди.
Бундан ўн йил муқаддам Сухробнинг катта онаси ўз васиятномасига кўра уй-жойни Сухроб ва унинг амакиси Акмалга нотариал идораси орқали мерос қилиб қолдирганди. Шундан буён Сухробнинг уззу-кун қай йўсинда бўлса ҳам уй-жойга якка эгалик қилиш хаёлидан кетмасди. Бу ҳақда у кўп қабиҳ режалар тузди. Пайт пойлади, ҳеч мавриди келмади. Ҳар гал амакиси билан учрашганда гап орасида уйни ташлаб, ижарага, бошқа жойга чиқиб кетишини талаб қиларди. Амакиси ҳам бир неча бор судланиб чиққан, уйни ташлаб кетиш нияти йўқлигини билдиришдан чарчамасди.
Одатдаги кунларнинг бирида кун бўйи Самарқанд шаҳрида санқиб юрган Сухроб тамадди қилиш пайтларида “қиттак-қиттак” олишни ҳам унутмади. Қандай қилиб бўлса ҳам бугун тунда қабиҳ режасини амалга оширишни ўйлади. Шу мақсадда дўконлардан бирига кириб, пичоқ ҳам сотиб олди. Шом қоронғусида Булунғурга қайтган Сухроб кўча бошидаги дўкон олдида амакисини учратиб қолиб, бориб кўришди. Биргаликда у ёқ-бу ёқдан гаплашиб кетишди. Уйга кирар чоғи дарвозахонада гап яна уй масаласига бориб тақалди.
- Ака, уйнинг ярми менга тегишли, уй пулининг ярмини бераман, сиз бошқа уйга чиқиб кетинг, - деди Сухроб.
Гап айланиб яна уйга тақалишини сезган Акмал гапни чўзиб ўтирмай ҳар галгидек дангалига:
- Ука, сенга аввал ҳам айтганман, ҳозир ҳам айтаман, уй фақат менга тегишли, уйни ҳеч кимга сотмайман, тушундингми? Энди чиқ уйимдан, - деб Сухробни итариб юборди. Икки-уч метр орқага силтаниб кетган Сухроб тезда ўзини ўнглаб олиб, амакисининг юзига зарб билан мушт туширди. Кутилмаган зарбдан Акмал ерга юзтубан йиқилди. Ҳали ўзини ўнглаб улгурмасидан Сухроб амакисининг юз-кўзи аралаш дуч келган жойига қўл ва оёқлари билан муштлаб, тепкилай кетди. Калтакнинг зўридан ҳушидан кетаёзган Акмални дарвоза ёнидаги хонага судраб олиб кирди. Чўнтагидан пичоқни чиқариб, Акмалнинг кўкрагига зарб билан санчди, суғуриб олиб яна санчди. Кўкракдан отилиб чиққан қон ҳар тарафга сочилди, бир қисми Сухробнинг юз-кўзи, кийимлари ва қўлларига сачради. Кўзи қонга тўлган Сухроб бунга ҳам қаноат қилмади. Пичоқни суғуриб олиб, аввал бўйиннинг чап қисмига, сўнгра ўнг томонига бир эмас, бир неча бор санчди. Кўп фурсат ўтмай Акмал “тинчиб” қолди. Амакисининг жон таслим қилганлигига ишонч ҳосил қилгач, хона эшигини қулф билан қулфлаб, юз-қўлларини ювиб, қўшни хонага ўтиб, қон теккан кўйлагини ечиб, амакисининг кўйлагини кийиб олди. Тонг ёришар чоғи туриб, мурда ётган хона қулфини очиб, матони олиб деразага тутди. Сўнгра эшикни яна қулфлаб, уйи томон кетди. Тун бўйи хавотирда бўлган онаси ўғлининг аҳволини кўриб қўрқиб кетди. Қўрққани содир бўлган эди. Нима бўлганлигини сўради. Суҳроб тунда бўлган қотиллик ҳақида онасига айтиб, кийимларини алмаштириб, туман ИИБга қараб йўл олди. . .
Суд ҳайъати судланувчи С. Соатовга нисбатан жазо тайинлашда жазо тури ва муддатини белгилашда, у томонидан содир этилган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражасини, жиноятнинг хусусияти ва келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилди. Қотилнинг айбига қисман иқрорлигини, мазкур жиноятни ғаразли ва бошқа паст ниятларда ҳамда жиноятни мастлик ҳолатида содир этилганлигини, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси борлигини инобатга олди. Жиноятчини жамиятдан ажратмаган ҳолда ахлоқан тузатишнинг имкони йўқ деган қатъий хулосага келиб, содир этган ўта оғир жинояти учун қонун санкцияси доирасида озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Ўзбекистон Республикаси ЖК 50-моддасининг “б” бандига асосан жазони умумий тартибли колонияларда ўташлиги белгиланди.
Суд судланувчи С. Соатовга Ўзбекистон Республикаси ЖК 59, 61-моддалари тартибида, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташлик учун муддати 17 (ўн етти) йил 2 (икки) ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
У. МИРЗАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси
20-бошқарма бошлиғи ўринбосари, адлия катта маслаҳатчиси.