Ғафуржон (исм-фамилиялар ўзгартирилган) анча йил илгари оилавий келишмовчилик туфайли турмуш ўртоғи билан ажрашганди. Вояга етмаган икки нафар фарзандлар онаси билан қолишди. Дастлаб фарзандларининг таъминоти учун ойма-ой алимент пулларини ўз зиммасига олган Ғафуржоннинг кейинчалик фикри ўзгарди-қолди. Ойлар, йиллар ўтсада, бир сўм ҳам тўламади. Турмуш ўртоғининг аризасига кўра жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди 2011 йил Ўзбекистон Республикаси ЖК 122-моддаси 2-қисми билан, ЖК 60-моддаси тартибида 2 йил 14 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазосини белгилади. Жазони ўтаб ҳам ахлоқан тузалмади. Яна қасддан алимент пулларини тўламай юрди. Охир-оқибат 2021 йилнинг 6 апрель кунига қадар алиментдан қарздорлиги 17. 759. 761 сўмга етди. Қарздорликни тўлашдан бўйин товлаганлиги учун 2021 йил 13 апрелда жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтК 474-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, 15 сутка қамоқ жазосини ўтаб чиқиб ҳам тегишли хулоса чиқармади. Натижада, йил охирига қадар яна 5. 476. 922 сўм қарздорлик келиб чиқди. Яна суд, яна жазо. Ниҳоят берилган жазолардан, қилмишидан тўғри хулоса чиқарди шекилли, Ғ. Исломов барча алимент қарздорликларини бир йўла тўлади.
Суд судланувчи Ғ. Исломовни жиноят оқибатида етказилган алиментдан қарздорликларни тўлиқ қоплаганлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Републикаси ЖК 65-моддаси, ЖПК 84-моддаси 5-қисмининг 1-бандига асосан жиноий жавобгарликдан озод қилинди.
Ғайратжон НЕГМАТОВ,
Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судининг раиси.