Халқимизда ўғирлик, бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш азалдан қораланган. Айни замонда, гарчи ўғирлик йўлига кирганлар туғилиб ўсган масканидан, қишлоғи, овулидан бадарға қилинмаса-да, одамлар, таниш-билишлар, ошна-оғайнилар уларга нисбатан ўзгача назар билан боқишади. Ота-оналаримиз фарзандларига, бобо-бувиларимиз невараларига келгусида комил фарзанд бўлиб улғайишлари учун “Яхши билан юрсанг етарсан муродга, ёмон билан юрсанг қоларсан уятга” деган мақолнинг мазмун-моҳияти, ҳақгўйлик, тўғрилик ҳамиша ғолиб бўлганлиги ҳақида сўзлаб берганлар, эртаклар, ривоятлар айтганлар.
Мактаб ўқувчиси Суҳроб (исм-фамилиялар ўзгартирилган) эндигина ўн олти ёшга тўляпти. Айтишларича оилада ўғил фарзанд ота-бободан, қизлар она-бувиларидан андоза олиб улғайишар экан. Ёши улуғларнинг ибратли ўгитлари билан улғайган ёшлар келгусида мамлакат ривожи, Ватан равнақи учун садоқат билан хизмат қиладиган ўғил-қизлар бўлиб улғайиши шубҳасиз. Суҳробнинг отаси ҳам илгари жиноят содир этганлиги учун бир эмас, бир неча бор суднинг қора курсисида ўтиришига тўғри келган. Мана шундай носоғлом муҳитда улғайган Суҳроб ҳам аҳён-аҳёнда билиб-билмай қинғир ишларга қўл уриб қўярди. Бугун ҳам шундай бўлди. . .
Мактабда дарс машғулотлари тугагач, Суҳроб йўловчи машинага ўтириб, туман маркази томон йўл олди. “Булунғур Деҳқон бозори”га келди. Кеч бўлиб қолган бўлсада, бозор гавжум. Биров ишдан сўнг уйига ул-бул нарса харид қилиш учун бозор оралаган, сотувчилар эса кеч тушиб қолгани учун қолган-қутган нарсаларни, олган нархидан бирмунча паст нархда бўлса ҳам, сотиб қолишга ҳаракат қилишмоқда. Суҳроб ҳам ўзига керакли бўлган нарсаларни харид қилиб бўлгач, бозор дарвозасидан ташқарига чиқиб, бекат омон йўл олди. Кўча бўйлаб кетиш чоғида йўл бўйида, кўча четида ойналари очиқ ҳолатда турган “ЛАБО” русумли автомашина ичидаги охирги русумдаги қўл телефони турганлигига кўзи тушди, атрофга аланглади, ҳеч ким кузатмаётганлигига ишонч ҳосил қилгач, машина салонидаги қўл телефонини олиб, уйи томон йўл олди. Ҳовлига кириш чоғида ўғирлаб олган телефонини текшириб ўтирганида ёнига илгаридан таниш бўлган Тўхтаев келиб, ундан ушбу уяли телефонини 500. 000 минг сўм қарздорлиги эвазига олиб қўйди. Ҳали ёш бўлсада бундай кўчаларга бир эмас, бир неча бор кириб чиққан Суҳроб учун бу ҳолат арзимаган ҳол эди. У Тўхтаевни авраб бўлсада, қўл телефонини олиб, бошқа бир шахсга 1.000.0000 сўмга сотиб юборди.
Қинғир ишнинг қийиғи чиқди. Орага ИИБ ходимлари аралашди. Суҳроб жиноят қилганлиги ўз исботини топди. Бироқ... одил судлов адолатпарварлик, инсонпарварлик ва кечиримлилик тамойилларига асосланган ҳолда иш юритиб, вояга етмаган С. Ҳасановни Ўзбекистон Республикаси ЖК 169-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганлик учун ЖКнинг 87-моддаси 1-қисмига асосан жавобгарликдан озод этди.
Ғайрат НЕГМАТОВ,
Жиноят ишлари бўйича туман
судининг раиси.