Фарзанд комил инсон бўлиши барча учун муҳим. Бунда оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлиги яхши самара беради. Аксинча, ҳамкорлик етарли бўлмаса унинг натижаси ҳам сезиларли бўлмайди.
Халқимизнинг ҳикматли фикрларида ҳам фарзанд тарбиясига алоҳида эътибор қаратилган. “Агар бир йилни кўзласанг шоли эк, ўн йилни кўзласанг дарахт эк, агар юз йилни кўзласанг болангни ўқит ва яхши тарбия қил”.
Демак, узоқни ўйлаган, келажаги порлоқ бўлишини истаган одам фарзандларини комил инсон қилиб тарбиялаш учун астойдил ҳаракат қилиши зарур. Чунки, эртанги кунимиз қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай тарбия ва билим олиши билан бевосита боғлиқ.
Ота-боболаримиз қадимдан бебаҳо бойлик илм олиш эканлигини, таълим ва тарбиянинг асоси китоб эканлигини чуқур ҳис қилиб, фарзандларига кўплаб китоблар орлиб беришган, уларни етук устозлар қўлига топшириш борасида изланишган.
Фарзанд тарбияси - юзаки қараб бўлмайдиган масала. Таълим ва тарбияни бирга олиб бормас эканмиз, яхши натижага эришолмаймиз. Соғлом авлодни вояга етказиш эса жамият ривожига хизмат қилади. Чунки, тарихимизга назар ташласак ҳар қандай қудратли давлатнинг юксалишида кучли билим соҳиблари ҳиссаси беқиёс эканлигини кўрамиз.
Мамлакатимизда баркамол ва етук, соғлом ва комил авлодларни тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигини англаган ҳолда бунга барчамиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз бурчимиздир
Ҳазратқул САФАРОВ,
Ғўбдин МФЙ раисинин
Нуронийлар масалалари бўйича муовуни.