Беайб парвардигор, дейди халқимиз. Инсон борки билиб-билмасдан хато қилади, баъзида адашади. Охир-оқибат бошқа хато қилмасликка интилади. Лекин, орамизда шундай инсонлар борки, улар ўзлари қилиб қўйган номақбул ишларидан на хулоса чиқаришади ва на пушаймон бўлишади. Атрофдагиларнинг, қариндош-уруғлар, ошна-оғайнилар, дўст-биродарларнинг панд-насиҳатлари ҳам кор қилмайди. Ўз билганидан қолмайди. Оқибатда эса эл-юрт, таниш-билишлар орасида юзи шувит бўлади.
Бекорчидан худо безор. Туманимизнинг “Янгиқўрғон” маҳалласида яшовчи, муқаддам бир эмас, бир неча бор судланган, бирор-бир фойдали меҳнат билан шуғулланмаган фуқаро Яхшиев Илҳомжон (исми-шарифи ўзгартирилган) навбатдаги ўғирлик устида қўлга тушди. Тоғни урса талқон қиладиган, соғлом, бақувват, лекин, жисмоний меҳнатга бўйни ёр бермайдиган, оғирнинг устидан, енгилнинг остидан юришни, меҳнат қилмасдан, гарчи, қинғир йўллар билан бўлсада осонгина пул топишни хуш кўрадиган бу йигит ўғирликни ўзига касб қилиб олган.
И. Яхшиев гарчи илгариги жинояти учун ахлоқ тузатиш жазосини ўтаётган бўлишига қарамасдан, спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда ўзганинг мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш мақсадида шу йилнинг май ойида фуқаро А. И.нинг уйини ўмаришни режалаштирди. У ўзганинг уйида ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, меҳмонхонасига ғайриқонуний равишда кириб, у ерда бўлган баҳоси 500 минг сўмлик бир дона “Samsung” русумли планшетни ва бир дона баҳоси 160 минг сўмлик “TP LINK” русумли “Wi-Fi” аппаратини, жами 650 минг сўмлик моддий буюмларини яширин равишда талон-тарож қилиб, воқеа жойидан яширинган. Ўзганинг мулкини осонгина қўлга киритишнинг ҳадисини олган ўғри орадан бир ой ўтмасидан яна спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда тун ярмида туман Тиббиёт бирлашмаси маъмурияти биносининг эшик қулфини ўзида бўлган арматура бўлаги билан бузиб, шифохонада сантехник бўлиб ишловчи фуқаро Бахтиёр Исломовга тегишли бўлган 1 дона, баҳоси 500 минг сўмлик “Урал-28” русумли, “Беларус” номли велосипедини яширин равишда талон-тарож қилиб, воқеа жойидан ғойиб бўлган.
Жиноятчининг қилмишлари тегишли ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан зудлик билан фош қилинди. У томонидан амалга оширилган барча ўғирлик жиноятлари маст ҳолатда, ғараз ва паст ниятларда содир этилганлиги боис суд ҳукми билан И. Яхшиев энди умрининг тўрт йилини панжара ортида ўтказишига тўғри келади.
Равшан БАҲРИДДИНОВ,
туман прокурорининг ёрдамчиси.