Кичик Килдон маҳалласи фуқароси Шерзод Давронов маҳалла фаоллари ва бағри кенг инсонлар маслаҳати билан савобли ишга қўл урди.
Маҳалланинг қоқ ўртасидан кесиб ўтувчи Булунғур - Хўжамазгил катта автойўл чеккасидаги қаровсиз, эътибордан четда қолган жойни ободонлаштириб, “Ёшлар меҳнат гузари”ни бунёд этишга бел боғлади. Туман ҳокими қарори асосида “Ёшлар меҳнат гузари” биносини қуриб, ишга туширишда маҳаллий, қўли гул қишлоқ усталари фидокорона меҳнат қилишди.

Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрами куни - 1 сентябрда ишга туширилган ушбу “Ёшлар меҳнат гузари”да ўқув маркази, эркаклар ва аёллар сартарошхонаси, тикувчилик цехи, спорт зали ва машиналарни ювиш шохобчасида қишлоқ ёшларидан 6 нафар киши доимий ишли бўлишди.
- Бунёдкорлик ишларидаги ҳамма харажатлар ўзимизнинг ҳисобимиздан бўлди, - дейди ёш тадбиркор Шерзод Давронов. - Айни пайтда меҳнат қилаётган ишчиларимизнинг 3-4 нафардан шогирдлари касб-ҳунар ўрганишмоқда. Келгусида автотеххизмат устахонаси, мини футбол майдонини ишга туширишни режалаштираяпмиз.
- Ўқув марказимизда 30 нафар ўғил ва қиз болалар ўзбек тили ва адабиёт, химия, биология фанларидан дарс олмоқдалар, - дейди ўқув маркази раҳбари, ўзбек тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Нигина Рустамова. - Келгусида рус тили ва инглиз тили машғулотларини ҳам йўлга қўямиз.
- Қишлоғимиздан чиққан тадбиркор Шерзод Давроновнинг отасига раҳмат, - дейди Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, нафақадаги 75 ёшли фахрий ўқитувчи Носир домла Тўраев. - Тадбиркорнинг ташаббуси ва самарали меҳнати билан Равот қишлоғимиз кўз кўрса қувонадиган мўъжазгина шаҳарчага айланиб қолди. Бундан қишлоғимиз аҳолиси жуда ҳам хурсанд бўлишди.
Раббим ҲОТАМОВ.