“Меҳржон” МФЙнинг “Оқтепа” кўчасида тадбиркор Умиджон Умаров ташаббуси билан анча йиллардан буён эътибордан четда қолган қаровсиз жой обод масканга айлантирилди.
- Президент қарорларидан руҳланиб, жажжи болажонларга кўрсатилаётган ғамхўрлик туфайли ушбу масканни обод қилишга бел боғладим, - дейди тадбиркор Умиджон Умаров. - Оиламиз аъзолари билан маслаҳатлашиб, давлатимиз томонидан берилаётган имтиёзлардан фойдаланиб, оилавий болалар боғчасини қуришга киришдик.
Умумий қиймати 1 миллиард 728 миллион сўмлик лойиҳа асосида замонавий, ҳар томонлама қулайликка эга бўлган 70 ўринли бу бино қурилиши ишларини “Дониёр” МЧЖ қурувчилари олиб боришди. Қўли гул қурувчиларнинг самарали ва сифатли ишлари туфайли икки қаватли бино қисқа вақт ичида қуриб битказилди. Қурилиш учун зарур маблағнинг 30 фоизи, яъни 428 миллион сўм миқдори ўз ҳисобимиздан бўлди.
“Оқтепа” кўчасига ярашиб тушган бу бино очилишида маҳаллалар фаоллари, нуронийлар ва жажжи болажонлар иштирок этишди.
“Билағон” МТМ очилишида вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Нигора Саъдинова, туман ҳокими ўринбосари Бекзод Ильчиев, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Абдуалим Азимов, туман мактабгача таълим мудираси Умида Гўбаевалар сўзга чиқишиб, шундай ажойиб бинони қурган қўли гул қурувчиларга, ўз ташаббуси билан катта ишга қўл урган тадбиркор Умиджон Умаровларга ўз миннатдорчиликларини билдирдилар.
Раббим ҲОТАМОВ.