Тадбиркорлар ҳиммати билан қишлоқларимиз обод масканга айланиб бормоқда. Ана шундай тадбиркорлардан бири элимиз ободлиги, турмушимиз фаровонлиги учун жон куйдираётган “Гулзор” маҳалласи фуқароси Санжарбек Мамановдир. У маҳалла аҳолисига қулайлик яратиш мақсадида савобли ишга қўл урди. Давлатимиз раҳбарлари томонидан тадбиркорларга яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб яқинда маҳалла марказида қолипли нон ишлаб чиқариш цехини ишга туширди.

- Ёш тадбиркорларидан бири Санжарбек Маманов меҳнатсеварлиги, жонкуярлиги билан маҳалламиз фуқароларининг ҳурматига сазавор бўлган ажойиб инсон, - дейди “Гулзор” МФЙраиси Абдусалом Эрназаров. - У маҳалла оқсоқоллари маслаҳати ва бевосита ёрдамида туманимиздаги "Агробанк"дан 29,5 миллион сўм кредит олиб ишга киришиб кетди.
- Шу кредит асосида Россия ва Хитой давлатларида ишлаб чиқарилган замонавий асбоб ускуналар, қолипли нон пиширадиган печлар сотиб олдик, - дейди тадбиркор Санжарбек Маманов. - Нон ишлаб чиқарадиган цех ишга тушгач оила аъзоларимизнинг ҳаммаси доимий иш билан таъминланди.
Тадбиркорнинг онаси Лола опа, укаси Сардорбек ва турмуш ўртоғи Умидахонлар пишираётган қолипли нонлар аҳолига манзур бўлмоқда.
- Тадбиркор ўғлимиз Санжарбекнинг ташаббуси билан ҳаммамиз ишли бўлдик, -дейди Лола опа. - Айни пайтда кунига 650-700 дона ишлаб чиқараётган қолипли буханка нонлар маҳалламиздаги 2 та озиқ-овқат дўконларида аҳолига сотилмоқда. Шунингдек, 2 та МТМ ва 1 та ошхонага тарқатиб берилмоқда.
- Буханка нонларни соғинибмиз, - дейди Янги Эрганакли қишлоғида яшовчи 65 ёшли фуқаро Эркин бобо. - Шу ишни йўлга қўйган Санжарбекнинг отасига минг раҳмат. Ҳар замонда кўнглимиз тусаганда буханка нон учун эринмай туман марказига бориб келардик. Тадбиркор ташаббуси билан энди бу нонлар ўзимизда пишириладиган бўлди. Бундан маҳалламиз, қишлоғимиз аҳолиси ниҳоятда мамнун бўлишди.
Раббим ҲОТАМОВ.