Ёш рассом қиз Севинч Абдухалилова 71-умумий ўрта таълим мактабининг 8- синфида аъло баҳоларга ўқиши билан бирга тасвирий санъатга ҳам меҳр қўйган. У жуда ёшлигидан расм чизишни бошлаган. Айни пайтда “Соҳибкор” дам олиш марказидаги ёш рассомлар тўгарагида устози Малика Номозова раҳбарлигида табиат манзараларини ёрқин бўёқларда акс эттириш сирларини қунт билан ўрганмоқда.
- Иқтидорли шогирдларимдан бири Севинч Абдухалилова билан фахрланаман, - дейди устози Малика Номозова. - Шогирдимнинг мустақил равишда чизаётган расмлари ҳаммани лол қолдирмоқда. Севинч изланувчан, янгиликка ўч шогирдларимдан бири. У яқинда телеграм ижтимоий тармоғидаги “Тасвирий санъат танлови” гуруҳида бўлиб ўтган Республика бўйича расмлар танловида иштирок этиб, фахрли 3-ўринни эгаллади ва Сертификат билан тақдирланди. Унинг рассомчиликдаги илк қадамлари ўз натижаларини кўрсатмоқда. Бу албатта, биз устозларни ва ота-оналарини ниҳоятда чексиз қувонтириб юборди.
Севинчнинг келажаги порлоқ. У рассомчилик бўйича ўз билимини ошириш мақсадида туман марказидаги “Баркамол авлод” Болалар мактаби тасвирий санъат тўгарагида ҳам ўз маҳоратини ошириб бормоқда.
- Менга 5 йилдан буён тўғри йўл кўрсатиб, тасвирий санъат сирларини ўргатиш билан биргаликда таълим-тарбия бераётган меҳрибон устозларимдан миннатдорман, - дейди Севинч Абдухалилова. - Келгусида етук рассом сифатида юртимизнинг бундан-да обод бўлишига ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшаман деган ниятдаман.
Раббим ҲОТАМОВ.