Бошловчининг ёқимли овози янграши билан концерт залида ўтирган томошабинларнинг гулдурос олқишлари остида саҳнага ёш, иқтидорли хушовозхонандаларимиздан бири Аҳатжон Артиқов таклиф қилинди. Хонанданинг “Мен нечун севаман Ўзбекистонни?” қўшиғига томошабинлар жўр бўлиб айтишди. Шундан кейин бирин-кетин она Ватан, меҳр, муҳаббат, дўстлик, ёшлик ҳақидаги дилтортар мумтоз қўшиқлар янгради. Концерт ҳаммада катта таассуротлар қолдирди.
– Ўзимизнинг Аҳатжон, - деди томошабинлардан бири. - Отасига раҳмат, ширали овоз билан, жонли ижро этилган бу қўшиқлардан мириқиб завқ олдим...
Иқтидорли хонанда Аҳатжон Артиқов Кичик Килдон қишлоғида, санъаткорлар оиласида таваллуд топган. Отаси Ҳайитбой ака (охиратлари обод бўлсин) туманимизда таниқли санъаткорлардан бири бўлган. Шу сабабли ёш Аҳатжон ҳар хил ашулаларни хиргойи қилиб юриш билан бирга санъатнинг ғижжак турига ҳам меҳри тушди.
– 23-умумий ўрта таълим мактабининг 5-синфида ўқиб юрганимда раҳматли отам Ҳайитбой ака мени 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабига етаклаб бориб, ғижжак синфига ўқишга қўйди. Ўқиш давомида биринчи устозим Шербек Ёрматов менга ғижжак чалишнинг ўзига хос сирларини ўргатди, - дейди санъаткор Аҳатжон Артиқов. - Шу билан бирга маромига етказиб қўшиқ айтишни ҳам ўргандим. Биринчи айтган қўшиғим “Азизим онам”ни мактабимизда ўтадиган ҳамма тадбирларда айта бошладим. Менга тенгқурларим ҳавас билан “ўзимизнинг ҳофиз” дейдиган бўлишди.
Ўрта мактабни муваффақиятли битирган Аҳатжон Самарқанд санъат билим юртида ўқишини давом эттирди. У бу ерда устози Хирож Жўраев қўлида таҳсил олди. Ўқиш давомида Самарқанд шаҳрида ва вилоятимиз миқёсида бўладиган барча тадбирларнинг доимий иштирокчисига айланди. Билим юртини аъло баҳоларга битирганАҳатжон Артиқов туманимиз марказидаги 1-сонли маданият марказида иш бошлади. Унинг ижросидаги “Қайда бор бундай Ватан?”,”Онажоним”, “Сенмусан жоним”, “Муқаддассан аёл”, “Жонон бўламан”, “Мустаҳзод” каби мақом ва терма қўшиқлари томошабинларнинг олқишига сазавор бўлган.
Айни пайтда севимли устоз сифатида ёшларга санъатнинг ўзига хос сирларини қунт билан ўргатмоқда. Ўтган давр мобайнида Аҳатжон Артиқов санъатга бўлган меҳри туфайли туман ва вилоят ҳокимликларининг фахрий ёрлиқлари, дипломлари ва эсталик совғалари билан тақдирланган. “Муқаддас Ватан” кўрик-танловининг вилоят босқичи ғолиблигини қўлга киритган.
Аҳатжоннинг турмуш ўртоғи Юлдузхон ҳам санъаткор. Юлдузхон айни пайтда “Баркамол авлод” марказида ёшларга тасвирий санъатдан сабоқ бермоқда. Қизлари Моҳинур, Шаҳризода, Умидалар бобоси Ҳайитбой аканинг изидан боришмоқда.
- Ёш, иқтидорли санъаткор Аҳатжон 12 ёшдан бошлаб мусиқа тўгарагига қатнашиб, кўз ўнгимизда вояга етди, хонанда ва созанда сифатида ўз йўналишини топди, - дейди туман Маданият бўлими мудири Алижон Исоқов. - Бугунги кунда устоз санъаткор сифатида ёшларга нафақат мусиқа, хонандалик, балки маънавиятчи сифатида ҳам ҳаммага ўрнак бўлиб, билим бериб келмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.