“Камалак юлдузлари” болалар ижодиёти фестивали иқтидорли болаларни аниқлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, истеъдод ва маҳоратларини намоён қилишлари учун имконият яратиш, ёш авлоднинг маънавий оламини бойитиш, санъат ва гўзалликка интилишини кучайтириш, миллий санъат ва анъаналар йўналишларини сақлаб қолиш, ривожлантириш ва давом эттириш мақсадида ўтказиб келинади.
9-сон Болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган “Камалак юлдузлари” фестивалининг туман босқичида барча умумтаълим мактабларидан юзлаб иштирокчилар ўзларининг истеъдоди ва иқтидорларини намойиш қилишди. Танлов 1-йўналиш: классик фортепиано, торли-камонли, дамли ва зарбли чолғу асбоблари, 2-йўналиш: вокал – миллий ва академик ижро, эстрада, фольклор ҳамда хор асбоблари, 3-йўналиш: халқ чолғулари – плекторли, камонли, дамли ва зарбли чолғу асбоблари, 4-йўналиш: рақс – миллий, балл ҳамда замонавий рақслар, 5-йўналиш: тасвирий ва амалий санъат. Тасвирий санъатга графика, ранг тасвир, натюрморт, либослар дизайни, амалий санъатга ҳайкалтарошлик, кулолчилик, зардўзлик, қуроқчилик, гиламдўзлик, бисер тўқиш, юмшоқ ўйинчоқсозлик, наққошлик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги кабилар киради. 6-йўналиш: наср ва назм. Назмга шеър, ғазал, достон, насрга ҳикоя ва эртак киради. Иштирокчилар 6-8, 9-12, 13-15 ёш тоифасида ҳакамлар ҳайъати томонидан белгилаб борилди.
Танлов натижаларига кўра, 1-йўналишда 20-мактаб ўқувчиси Фаёзбек Ўсаров, 2-йўналишда 5 ва 20-мактаб фольклор жамоалари, 3-йўналишда 22-мактаб ўқувчиси Надима Дониёрова, 2-мактаб ўқувчиси Руҳшона Ўролова, “Ғунчалар” ва “Юлдузча” жамоалари, 54-мактабнинг “Севинч гулдастаси” жамоаси, 4-йўналишда 42-мактаб ўқувчиси Дилрабо Мадиева, 25-мактаб ўқувчиси Садоқат Саттарова, Маржона Бекмуродова, Ҳумора Каримова, 22-мактаб ўқувчиси Севинч Азимова, 25-мактаб ўқувчиси Зокиржон Улуғмуродов, 5-йўналишда 20-мактаб ўқувчиси Ҳусан Ўсаров 1-ўринни эгаллашди. Ёш тоифасида ғолиб бўлган ва фаол қатнашганларга диплом, ташаккурнома ҳамда бадиий китоблар топширилди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.