Ёш, иқтидорли рассом, табиатнинг бетакрор шайдоси, рангтасвир-мўйқалам соҳибаси Сарвиноз Саримсоқованинг шу мавзудаги расмлар кўргазмаси Қоровултепа қишлоғидаги 31-умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.
31-мактаб ҳовлиси байрамона безатилган. Ўқитувчи ва ўқувчилар юзларида табассум.
– Бугун бу мактабда катта байрам тадбири бўлаяпти, - дейди қишлоқ оқсоқоли Мавлон Маматов. – Қишлоғимизнинг “энг яхши хонадон”ларидан бирида яшовчи, ҳаммага ўрнак бўлган намунали оила соҳиблари Турғунбой ва Муҳаббат Ғаимовларнинг кенжа фарзанди, ёш, иқтидорли рассом Сарвиноз Саримсоқованинг ижодий кўргазмаси ташкил этилди.
Сарвиноз шу мактабнинг 5-синфидаёқ ҳамма фанлар қатори расм-чизмачиликка ҳам меҳр қўйган эди. Ундаги рассомликка бўлган қобилиятини илғаган мактабдаги биринчи устози, расм-чизмачилик фани ўқитувчиси Мурод Ҳожиқулов тавсияси билан Сарвиноз 6-синфдан бошлаб Ўзбекистон Бадиий Академияси тасарруфидаги Жиззах вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида ўқишни давом эттирди. Айни пайтда санъат мактаб-интернатининг 8-синфида таълим олаётан қобилиятли қиз Сарвиноз Саримсоқова бу ерда тажрибали устози Алишер Носировдан рассомлик санъатининг ўзига хос сирларини қунт билан ўрганаяпти. У 2017 йил 22 апрелда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг баёнига асосан таъсис этилган тасвирий ва амалий санъат фестивалида иштирок этиб, кумуш медаль билан тақдирланди.
- Сарвиноз ўзининг бетакрор таланти билан нафақат жонажон қишлоғи Қоровултепани, шунингдек, бизнинг мактаб-интернатимиз номини ҳам Республикага танитди, - дейди Ўзбекистон Бадиий академияси таассуруфидаги Жиззах вилоят ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернат директори Саидаҳмад Сулаймонов. – Унинг туғилиб ўсган қишлоғи табиат манзаралари, таниш чеҳралар, қишлоқ жамоли ўз аксини топган 70 тадан ортиқ табиат манзаралари акс эттирилган расмлари кўргазмаси шу мактабда очилиши ҳам бизни қувонтирди.
- Дастлабки расм чизишларни мактабгача бўлган даврда ўзим ўргатган эдим, - дейди Сарвинознинг отаси Турғунбой Ғаимов. - Мактабда эса биринчи устози, расм-чизмачилик фани ўқитувчиси Мурод Ҳожиқулов раҳбарлигида расм чизишнинг сир-асрорларини ўрганди. У мактаб-интернатда ўқиши давомида тажрибали мутахассислар тарбиясида ўз касбининг моҳир устаси бўлиб етишмоқда.
- Биринчи бўлиб Саримсоқ бобомнинг портретини чиздим, - дейди Сарвиноз кулиб. - Жуда ҳам тиниқ ишланган бу портрет устозларим диққатини тортди. Шундан сўнг устозлар маслаҳати билан табиат манзараларини чиза бошладим.
Расмлар кўргазмасини томоша қилган одам кўз олдида Қоровултепа қишлоғининг бугунги жамоли ниҳоятда нозик дид билан, рангли бўёқларда тасвирланганининг гувоҳи бўлади. Кўпгина таниш чеҳралар портретлари қаторидан жой олган қишлоқ кўчалари, йўл четидаги дарахтлар, ариқлар устидан ўтган кўприклар, қишлоқ ҳовлиларининг ички ва ташқи кўринишлари, тандирхоналар, қўй-қўзилар ва моллар ўтлаб юргани ёш рассом томонидан моҳирона тасвирланган.
Кўргазмадаги ҳамма суратлар тадбир иштирокчиларида катта таассуротлар қолдирди. Сарвиноз шу кунларда Грецияда бўлиб ўтадиган халқаро ёш рассомлар кўрик- танловига устозлари кўмагида қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.