Ҳар бир инсон ёшлигида нимага ҳавас қилган бўлса вояга етганда, албатта, шунга эришади. Қаҳрамонимиз, яқинда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига сазавор бўлган Эшбек Намуратов ҳам ёшлигида санъатга меҳр қўйган.
- Ёшлигимда радио ва телевиденияда қўшиқ куйлаётган хонандаларга ҳавас қилганман,- дейди Эшбек ака. - 26-умумий ўрта мактабининг 4-синфидалигимдаёқ тахтачадан дутор ясаб, ўзимча хиргойи қилиб юрардим. Машҳур хонандалар Комилжон Отаниёзов, Отажон Худойшукуров, Таваккал Қодиров, Фахриддин Умаров, Олмахон Ҳайитова, Ортиқ Отажоновларга ҳавас қилиб вояга етдим. Туманимизда ўтадиган турли тадбирларда бошловчилик қилдим. Санъатга бўлган ҳавасим туфайли Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, устоз Сувонқул Абдуқодиров мени маданият марказига етаклаб келди, устозлик қилди. У кишидан санъатнинг ўзига хос сирларини қунт билан ўргандим.
Санъат шайдоси ёш Эшбек бир муддат ёшлар ташкилотида ишлаб, “Ёшларнинг дам олиш кечалари”, “Балли йигитлар”, “Балли қизлар”, “Ўткир зеҳнлилар”, “Келинг, беллашайлик”, “Қувноқлар ва зукколар” каби тадбирларнинг ташаббускори сифатида эл назарига тушди. Шу сабабли уни маданият марказида қучоқ очиб кутиб олишди. Эшбек аканинг санъатга қадам қўйганига ҳам оз эмас, кўп эмас, 31 йил бўлибди. Мана шу ўтган давр мобайнидан бошлаб ҳозирги кунга қадар туманимизда маданият соҳасини ривожлантиришга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Айниқса, фольклор санъати Эшбек акани сеҳрлаб қўйди. “Чавқи” ансамблининг довруғи жаҳонга тарқалишида Эшбек аканинг хизматлари беқиёс бўлди. Ансамбль репертуарини янги-янги термалар, лапарлар билан бойитиш, халқ ичидан топиб, бешқарсак жўрлигида басталаб омма эътиборига ҳавола этиб келмоқда. Эшбек ака томонидан ёзилган “Саодат момом”, “Ҳовижон”, “Самарқанд” қўшиқлари халқимиз олқишига сазавор бўлди. Бу қўшиқлар мазмун-моҳияти ва тарбиявий аҳамияти билан бугунги кунда ёшларимизга ўргатилиб келинмоқда.
Айни пайтда 2-сон “Соҳибкор” Маданият марказида ташкил этилган тўгарак аъзоларига ҳам ўзининг беминнат маслаҳатларини бериб келмоқда. Элимизда довруқ таратган машҳур “Чавқи” ансамбли вилоят ва Республикамиздан ташқари Япония, Франция, Германия, Африка, Россия давлатларидан юзлаб мухлислар орттирган. Шу кунларда “Соҳибкор” Маданият марказидаги 7 та тўгаракда 184 нафар ёшлар ўз билимларини оширишмоқда. “Чавқи ниҳоллари” болалар жамоаси эса Республика фестивалида фахрли биринчи ўринни эгаллади.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллигига бағишланган Республика расмлар кўрик-танловида Севинч Абдухалилова фахрли 3-ўринни эгаллади. Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги байрамида рақс тўгараги аъзоларидан Озода ва Ирода Суюновалар иштирок этишди.
– Мен 31 йилдан буён Эшбек ака билан бирга ёнма-ён туриб ишлаб келаяпман, - дейди “Соҳибкор” Маданият маркази директори Маҳмуджон Эрматов. – У кишининг фидойилиги, меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги давлатимиз томонидан муносиб рағабатлантирилди. “Шуҳрат” медали, “Ўзбекистон Республикаси 30 йиллиги” эсталик кўкрак нишони, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” юксак унвонлари элимизнинг ардоқли фарзанди Эшбек Намуратовнинг кўксини безаб турибди. Айни дамларда Эшбек акани ҳамкасблари, шогирдлари, оила аъзолари, таниш-билишлар ва дўстлари юксак унвон билан қизғин қутлашмоқда. Фурсатдан фойдаланиб “Булунғур ҳаёти” таҳририяти номидан биз ҳам Эшбек акани юксак мукофот билан самимий табриклаймиз.
Раббим ҲОТАМОВ.