Мингтепа маҳалласи ҳудудидаги 21-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Райҳона Аширова ёшлигиданоқ спортнинг TAEKWONDO-WTF турига қизиқиб қолди. Шу сабабли унинг отаси Ўктам ака ёш Райҳонани туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига етаклаб келди. Мутахассислар қизчанинг ҳаракатларини кузатар экан:
- Бу қизингиз албатта, чемпион бўлади, - дейишди бир овоздан.
Шундан сўнг Райҳона тажрибали ўқитувчи – тренер Муҳиддин Артиқов раҳбарлигида машғулотларга киришиб кетди. Камгап, меҳнаткаш, тиришқоқ Райҳона устоз кўрсатмалари асосида ҳар бир машқни маромига етказиб бажариши билан ўз тенгқурларидан ўзиб кетди. Жорий йилнинг баҳор ойида Самарқанд шаҳрида 2010-2013 йилларда туғилган ўғил ва қиз болалар ўртасида бўлиб ўтган вилоят чемпионатида 30 килограмм вазн тоифасидаги барча тенгқурларини доғда қолдириб, фахрли биринчи ўринни эгаллаб, вилоят чемпиони деган шарафли ном соҳибаси бўлди.
Ўқувчиларнинг ёзги таътил кунлари Тошкент шаҳрида Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари спортчилари ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида ўз билим ва маҳоратини намойиш этган Райҳона Аширова фахрли учинчи ўринни эгаллади. Шу сабабли Самарқанд вилоят Туризм ва спорт бош бошқармасининг 2021 йил 18 октябрдаги буйруғига асосан Райҳона “Ўзбекистон спорт усталигига номзод” спорт нормативини бажарди. Шунингдек, вилоят терма жамоаси аъзолигига қабул қилинди.
Туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг директори Шароф Маматқулов ва катта методист-инструктор Даврон Бобожоновлар Райҳонанинг уйига бориб, ота-онасини ва Райҳонани қизғин табриклашди. Спортда эришган дастлабки ютуқлари билан Райҳонага спорт киманоси ва “Ўзбекистон Республикаси спорт усталигига номзод” спорт разрядининг тасниф китобчасини тантанали равишда топширдилар.
- Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби раҳбарларининг уйимизга ташриф буюриб табриклаганларидан беҳад қувондик, - дейди Райҳонанинг отаси Ўктам ака. - Фарзандимизга таълим бераётган устозлардан миннатдормиз. Райҳона қизимиздан умидимиз катта. Келгусида жаҳон чемпиони бўлиб,жаннатмонанд юртимизнинг байроғини баланд кўтаради, деган ниятдамиз.
Раббим ҲОТАМОВ.