Жамшид Усанов ёшлигидан спортнинг кураш турига қизиқди. Шу сабабли унинг отаси Бектош ака Жамшидни туман марказидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабига етаклаб келди. Тажрибали мураббийлар кўригидан ўтган Жамшиднинг ҳаракатларига мутахассислар юқори баҳо беришди.
- Бу ўғлингиз албатта, чемпион бўлади, - дейишди улар.
Шу кундан бошлаб Жамшид полвон юнон-рум кураши бўйича бош мураббий Раббим Ташанов раҳбарлигида шуғуллана бошлади. Ҳаракатлари чаққон Жамшид тез орада ўз тенгқурларидан ўзиб кетди. Жамшид 37-умутаълим мактабида 5-синфгача ўқиди. Дастлаб 35 килограмм вазнда гиламга тушган ёш Жамшид мактаб ва туман биринчиликларида, тадбирларда иштирок этиб, спорт мутахассисларининг эътиборини қозонди. 4 марта вилоят чемпиони, Бухоро шаҳрида бўлиб ўтган Республика очиқтурнирида 1-ўринни эгаллаганЖамшид полвон айни пайтда пойтахт Тошкент шаҳридаги Республика Олимпия заҳиралари спорт коллежининг 7-синфида таълим -тарбия олмоқда.
У бу ерда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббийлар Олим Қурбонов, Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси бош мураббийи Бахтиёр Сайфиевлардан юнон-рум курашининг ўзига хос сирларини қунт билан ўрганмоқда. Ўқиш давомида Жамшид полвонимиз қатор мусобақалар иштирокчиси ва ғолиби бўлди. Жалолобод вилоятининг Сўзак туманида юнон-рум кураши бўйича 2004-2006 йилларда туғилган кичик ёшдаги ўсмирлар ўртасида Қирғизистон ва Қозоғистон Республикаларида хизмат кўрсатган халқаро спорт устаси Раатбек Санатбоевнинг 50 ёшли юбилейига бағишланган Х1- халқаро турнирда муваффақияли иштирок этиб, фахрли 3-ўринни эгаллади ва Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзолигига қабул қилинди.
-Келгусида орзуларим олам жаҳон, - дейди Жамшид полвон. - Жаҳон ва Олимпиада чемпионларига ҳавасим келади. Мен ҳам шу чемпионлар қаторида туриб, мустақил юртимиз байроғини янада баланроқ кўтариш ниятидаман.
- Оиламизда 3 нафар ўғил ва бир нафар қиз бола вояга етмоқда, - дейди полвоннинг онаси Мунира опа. - Жамшид бош фарзандимиз. Ундан умидимиз катта.
Раббим ҲОТАМОВ.