Туманимизда ҳам ўқувчи-ёшлар орасида спортнинг эркин кураш, юнон-рум кураши, бокс, волейбол, баскетбол, шахмат ва бошқа бир қанча турлар бўйича шуғулланаётган сафи тобора ортиб бормоқда. Уларнинг кўпчилиги ўз йўналишлари бўйича тажрибали мураббийларнинг бераётган сабоқлари туфайли юқори натижаларни қўлга киритишмоқда. Яқинда туманимизнинг ёш спортчилари, туман Болалар-ўсмирлар спорт мактаби ёш спортчилари яна бир юқори натижани қўлга киритишди.
Жорий йилнинг 24-25 март кунлари Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида спортнинг “Ўзбек жанг санъати” тури бўйича ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпионатида 18 ёш ва ундан катталар жамоавий “Ассалом тонг” йўналиши бўйича мусобақа бўлиб ўтди. Унда туманимиздаги Болалар-ўсмирлар спорт мактаби “Ўзбек жанг санъати” тренер-ўқитувчиси Ферузжон Назаровнинг шогирдларидан Шахзода Турсунбоева, Мунира Бердимуродова, Нилуфар Норбоева, Нодир Мамиров, Абдулхай Тожибоевлар фахрли 1-ўрин ҳамда “Жамоавий комплекс машқ” йўналиши совриндорлари 16-17 ёшлар ўртасида Шахноза Хасанова, Кумуш Норқуловлар фахрли 3-ўринни қўлга киритишди.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 3 май куни 2-сон Болалар-ўсмирлар спорт мактаби “Олимпия” ўйингоҳидаги замонавий спорт залида Болалар-ўсмирлар спорт мактабида шуғулланувчи спортчиларнинг ота-оналари, тренер-ўқитувчилар ҳамда “Ўзбек жанг санъати” тури бўйича Ўзбекистон чемпионатида фахрли ўринларни эгаллаган спортчилар иштирокида тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.Ғолибларни тақдирлаш маросимида туман БЎСМ директори Шароф Маматқулов ва спорт мактабининг раҳбар ходимлари совриндор спортчиларнинг ота-оналарига “Миннатдорчилик хати” ҳамда сспортчиларга 4.000.000 (тўрт миллион) сўм пул мукофотлари тақдим қилинди.
Наргиза АБДУРАҲМАНОВА