55-мактабнинг 6-синф ўқувчиси, 13 ёшли Дилшодбек Мархатов 3 йилдан буён спортнинг юнон-рум кураши бўйича Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида таниқли мураббий Раббим Ташанов раҳбарлигида шуғулланиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида ёш полвон Бухоро, Навоий, Тошкент шаҳарларида 2007-2008 йилларда туғилган ўсмир-ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Халқаро турнирларда муваффақиятли иштирок этиб, 2-3- ўринларни эгаллаб келди.
Ўзининг чаққон ҳаракатлари билан мутахассисларнинг назарига тушди.
- Бу полвонимиз келгусида албатта, жаҳон чемпиони бўлади, - дейишди мутахассислар. Жорий йилнинг март ойида Самарқанд шаҳридаги “Олимпия заҳиралари” коллежининг муҳташам спорт залида бўлиб ўтган вилоят чемпионатида Дилшодбек Мархатов 62 килограмм вазндаги барча тенгдошларини доғда қолдириб, вилоят чемпони деган юксак номга сазавор бўлди. Шу билан бирга спорт усталигига номзод нормативини бажарди. Тажрибали мутахассисларнинг тавсияси билан бир овоздан вилоят терма жамоаси аъзолигига қабул қилинди. Дилшодбек 7-синфдан бошлаб Самарқанд Олимпия заҳиралари спорт коллежида ўқишини давом эттирадиган бўлди.
Вилоят биринчилиги мусобақаларида туманимиз спорт шарафини муваффақиятли ҳимоя қилган ёш полвонимиз Дилшодбек Мархатов айни пайтда вилоят терма жамоаси аъзоси сифатида бош мутахассис, халқаро спорт устаси Шамшиддин Худойбердиев, тажрибали мураббийлар Бобир Иргашев, Рустам Синдоров, Раббим Ташановлар раҳбарлигида август ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Республика биринчилиги мусобоқаларига қизғин тайёргарлик кўрмоқда.
- Бу шогирдимиз ўта меҳнаткаш, - дейди мураббий Раббим Ташанов. - Ҳар бир машқни маромига етказиб бажаришга ҳаракат қилади. Машғулотларга бир соат олдин келади. Ҳаммадан кейин кетади. Ғайрати ичига сиғмай бараётган, мураббийларнинг ҳар бир кўрсатмаларини сидқидилдан бажараётган бу шогирдимиздан умидимиз катта.
- Келгусида жаҳон чемпиони бўлиб, меҳрибон устозларимнинг ишончини оқлаш ниятидаман, - дейди Дилшодбек.
- Оиламизда ҳамма спортчи, - дейди Дилшодбекнинг отаси Искандар ака Ўролов. - Ўз вақтида мен ҳам курашчи полвон бўлганман. Мураббий Раббим ака Ташановдан юнон- рум кураши сирларини ўрганиб, вилоят чемпиони бўлганман. Ҳаёт қувончлари ва ташвишлари сабабли машҳур курашчи бўлаолмадим. Оиламизда вояга етаётган 3 нафар фарзандларимиздан Исломбек ва Ниёзбеклар спортнинг футбол тури билан шағулланишади. Энг кичик кенжатой ўғлимиз Дилшодбек спортнинг кураш турига меҳр қўйди. Дилшодбекнинг дастлабки ютуқлари оиламиз аъзоларини қувонтирмоқда. Кенжатойимиздан умидимиз катта.
- Дилшодбек вилоят чемпиони бўлишгача бўлиб ўтган серзавқ ва машаққатли йўлларни босиб ўтди. У дастлаб мактаб ва туман биринчилиги мусобоқаларида тобланди. Ўз тенгдошларини орқада қолдириб кетди.
Спорт ҳам меҳнаткашни яхши кўради. Дилшодбек меҳнатдан қочмади. Унинг семашаққат меҳнатлари бугунги кунда ўз самарасини бермоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.
Наргиза АБДУРАҲМОНОВА.