Ёш Суҳробжон спортнинг кураш турига жуда ҳам ёшлигидан меҳр қўйган. Шу сабабли у мактабда синфлараро бўладиган мусобақаларда барча тенгдошларини доғда қолдириб, мактаб чемпиони деган шарафли ном соҳибига айланди. Ёш полвон иқтидори, ғалабага бўлган ишончи туфайли синфдошлари, устозлари ва ўқитувчиларининг ҳурматини қозонди. Суҳробжондаги бу қобилиятни сезган онаси Умида опа мактаб жисмоний тарбия ўқитувчилари ва спорт мутахассисларининг маслаҳати билан ўғлини туман марказидаги Болалар ва ўсмирларспорт мактабига етаклаб келди.
- Бу йигит келгусида албатта жаҳон чемпиони бўлади, - деди Суҳробжоннинг ҳаракатларига баҳо берар экан юнон-рум кураши бўйича бош мураббий Раббим Ташанов.
-Мана шу гапларга ҳам оз эмас, кўп эмас, тўрт йил бўлибди. Ўтган давр мобайнида ёш полвон Суҳробжон бош мураббий кўрсатмалари асосида мунтазам шуғулланиб борди. Натижада, дастлаб туман ва вилоят миқёсида бўлиб ўтадиган барча мусобақаларнинг доимий иштирокчисига айланди, чемпиони бўлди.
Кун сайин маҳорати сайқалланиб бораётган полвонимиз Навоий ва қўшни Жиззах вилоятининг Гагарин шаҳарларида бўлиб ўтган Халқаро мусобақаларда муваффақиятли иштирок этиб, шоҳсупанинг биринчи поғонасидан муносиб жой олди. Икки марта Ўзбекистон Республикаси очиқ турнирларининг ғолиби бўлди.
- Келгусида жаҳон ва Олимпиада чемпионлари бўлиш орзусидаман, - дейди қаҳрамонимиз, туманимиздаги 65-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Суҳробжон Маҳмудов. - Бу борада менга мураббийлик қилаётган устозим Раббим Ташанов кўрсатмалари албатта, менга қанот бағишлайди, - деган умиддаман.
Раббим ҲОТАМОВ.