Навоий шаҳридаги спортнинг яккакураш турига ихтисослаштирилган Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби залида юнон-рум кураши бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.
Мамалакат биринчилигида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг шаҳар ва туманларидан келган 2006-2007-йилларда туғилган ўсмир полвонлар 10 та вазн тоифасидаги гиламга чиқиб, ўзаро беллашдилар. Булунғурлик ёш полвон, Самарқанд вилояти терма жамоаси аъзоси Жавоҳир Шодиёров 62 килограмм вазндаги барча тенгдошларини доғда қолдириб, 1-ўринни эгаллади. Ўзбекистон чемпиони деган юксак ва шарафли ном соҳибига айланди. У Ўзбекистон терма жамоаси аъзолигига қабул қилинди.
Ёшлигидан спортнинг юнон-рум кураш турига меҳр қўйган Жавоҳир Шодиёров 23-ўрта таълим мактабининг 7-синфигача биринчи устози, тажрибали мураббий Раббим Ташанов раҳбарлигида шуғулланди. У дастлаб туман ва вилоят биринчиликлари ғолиби сифатида мусобақаларнинг доимий иштирокчисига айланди. Кундан-кунга маҳорати сайқаллашиб бораётган ёш полвон тажрибали мураббийлар ва мутахассислар назарига тушди. Шу сабабли Жавоҳир Шодиёров спорт мутасаддиларининг тавсияси ва отаси Шерзод ака, онаси Тошбуви аяларнинг розилиги билан ўқишни Тайлоқ Олимпия заҳиралари коллежида давом эттирди. Айни пайтда Тайлоқ коллежининг 9-синфида таълим олаётган Жавоҳир полвон Фаррух Усмонов, Валижон Жонтўраев, Акбар Қўзиев, Рауф Эшқулов каби мураббийлардан спортнинг юнон- рум кураши сирларини қунт билан ўрганмоқда.
- Спортнинг бу турига мени отам Шерзод ака қизиқтирган, - дейди Жавоҳир кулиб. - Ёшлигида отамнинг ўзи ҳам курашчи полвон бўлган экан.
От ўрнини той босар, деганларидай Жавоҳир полвоннинг ҳам орзулари бир олам.У спортнинг ҳамма турларидаги жаҳон чемпионларига ҳавас қилади. Жавоҳир жаҳон чемпиони бўлишга астойдил бел боғлаган.
Раббим ҲОТАМОВ.
Суратда: Ўзбекистон чемпиони Жавоҳирни отаси Шерзод ака ва онаси Тошбувиойлар
самимий табриклашмоқда.