Халқимизда “Менинг нафсим балодур, ёнган ўтга солодур” деган нақл бор. Ҳақиқатдан ҳам кимки нафсини тия олмаса нафс қурбонига айланиши шубҳасиз.
Эргаш (исм-фамилиялар ўзгартирилган) туман Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимида кадрлар нозири вазифасида ишлар, жамоада ҳурмати яхши эди. Бироқ... у нафсини тия олмагани учун жамоада, танишлари, яқинлари орасида юзи шувит бўлди.
Эргаш жамоадоши Салима билан салкам икки йилдан бери таниш. Салима бир ярим йилдан буён ёлланма дезинфектор вазифасида ишлайди. Унинг мақсади эса шу ташкилотда доимий иш билан таъминланиш. Бир куни гап орасида мақсадини Эргашга айтган эди, Эргаш бўлим бошлиғи билан гаплашиб, врач ёрдамчиси вазифасига ёки ТТБга ишга жойлаштириб қўйиши мумкинлиги, бироқ эвазига “харажати” учун 800 АҚШ доллари керак бўлишини шаъма қилган эди, Салима рози бўлди.
Бироқ, Эргашнинг жиноий қилмиши - Салимадан 8 миллион 509 минг 600 сўмга тенг бўлган 800 АҚШ долларини келишилган жойда олаётган вақтда Департаментнинг Булунғур туман бўлими ва ДХХ Булунғур туман бўлими билан ўтказилаётган тезкор тадбирида фош этилди.
Суд судланувчи Э. Норматовни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 25, 168-моддаси 1- қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топди. Ва унга Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59, 61-моддалари тартибида тайинланган енгилроқ жазони оғирроғи билан қоплаш йўли билан узил-кесил 1 (бир) йил 6 (олти) ой муддатга муайян ҳуқуқдан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиб, 2 (икки) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.
Ҳусниддин РАЗИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК
Департаменти туман бўлими бошлиғи.