ОҚ ХАЛАТГА ДОҒ ТУШИРГАН ШИФОКОР
Халқимизда “Менинг нафсим балодур, ёнган ўтга салодур” деган пурҳикмат нақл бор. Ҳақиқатдан ҳам кимки ўз нафсини тия олмаса, нафсининг қурбонига айланади. Туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси уролог шифокори вазифасида ишлаётган Шокир Набиев (исм-фамилияси ўзгартирилган) хизмат хонасида С. И. билан учрашиб қолиб, унинг тиббиёт коллежида ўқиш истаги борлигини билганида нафсини тия олмади. Шифокор С. И.га Самарқанд шаҳрида жойлашган тиббиёт коллежида танишлари борлигини, агарда у 500 АҚШ доллари миқдоридаги валютани олиб келса танишлари орқали Сўзангарон тиббиёт коллежида шартнома асосида ўқишга киритишини айтади. С. И. айтилган пайтда шифокорнинг хонасига 500 АҚШ долларини олиб келиб бераётган вақтда туман прокуратураси ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департументи ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида далилий ашёлар билан фош этилди.
Ш. Набиев жиноий қилмишидан пушаймон бўлиб, 2 нафар фарзанди борлигини, оилавий шароитини ҳисобга олишни, бошқа бундай ноқонуний қилмиш содир этмаслигини билдириб, суддан енгиллик беришликни сўради.
Судланувчи Ш. Набиев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 1-қисми ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан айбли айбли деб топилиб, узил-кесил 2 (икки) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Ш. Набиевга озодликни чеклаш даврида оилавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик; маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик; алькоголли ичимликлар истеъмол қилмаслик каби қўшимча чекловлар ўрнатилди.
Жаҳонгир РАШИДОВ,
вилоят прокурори ёрдамчиси