Ҳар нарсада меъёр бўлгани каби, ейиш-ичишда, ишда, ўзаро муомалада ва ҳаттоки моддиятда ҳам меъёрга амал қилингани маъқул. Халқимизда шундай нақл бор: “менинг нафсим балодур, ёнган ўтга солодур”. Кимки нафсини тия олмаса, у нафс ыулига айланиши турган гап.
Акром (исмлар ўзгартирилган) эндигина 23 ёшга тўлган. Бинойидек касби бор. Ургут шаҳрининг қоқ марказидаги ошхоналарнинг бирида уч йилдан буён сомса пишириб сотади. Таомни мазали тайёрлагани боис доимий мижозлари анчагина. Акромдан беш ёш катта бўлган Асадулло ҳам у билан бирга ишлайди. Бу иккала ҳамкасблар ҳам топганига қаноат қилишмади. Пулимга-пул, бойлигимга-бойлик қўшилсин деб, жиноят кўчасига киришдан ҳам тоймади. Мабодо ишлари “юришмай қолса” оқибати нима билан тугашини ҳам тахмин қилишарди. Шундай бўлсада, бу жиноий шериклар ўзаро келишган ҳолда мижоз топиб, қонунан таъқиқланган “героин” гиёҳвандлик воситасини сотиш билан шуғуллана бошлашди. Дастлаб овлари бароридан келиб турган шериклар бундан руҳланиб, “маҳсулот”ни янги мижозларга янада қимматроқ ва кўпроқ пуллашга киришиб кетишди. Уларнинг навбатдаги мижози “Жамол” исмли шахс бўлиб, у бир куни ошхонага тамадди қилиш учун келди. Овқатланиб бўлгач Акром билан танишиб, тезда чиқишиб кетди. Гап орасида Жамол истеъмол учун бирозгина “героин” гиёҳвандлик воситасини топиб беришини илтимос қилди. Бу гап Акром учун айни муддао эди. Шундай бўлсада у ишни янада пишиқроқ қилиш учун ҳозир бу “маҳсулот” анқонинг уруғи бўлиб кетганлиги, танишларидан суриштириб кўришлигини, бир-икки кундан сўнг хабар олса аниғини айтишини таъкидлади. Орадан бир кун ўтгач Жамол яна шу ошхонага келди. Кетиш чоғи Акромдан илтимосининг натижасини сўради. Акром:
-Бир танишимда бирозгина бор экан, ҳар бир грами 1. 200. 000 сўмдан. Кечқурун келсангиз бирга бориб, олиб бериб юбораман.
Кечқурун Жасур ошхонага келди. Иккаласи Жасурнинг машинасида Акромнинг маҳалласи томон жўнашди. Маҳалланинг ички кўчаларидан бирига боришгач Акром Жасурдан 5 грамм “героин” гиёҳвандлик воситаси учун 300 АҚШ доллари ва 3. 000. 000 сўм пулларни олиб, машинадан тушиб, бошқа кўчага қараб кетди. Бир муддатдан сўнг Акром жиноий шериги Асадуллога келишилган пулларни бериб 4, 27 грамм “героин” гиёҳвандлик воситасини олиб келиб, Жасурга тутқазди. Сўнг иккаласи Жасурнинг машинасида ортларига қайтиб кетишаётганларида, йўлда ИИО ФМБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, жиноятлари фош этилди.
Суд, судланувчи Акром ва Асадуллонинг ҳар иккаласига ҳам Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан 13 (ўн уч) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.