Сирдарё вилоятидаги газеталар муҳаррирлари, телевидение ходимлари ва интернет нашрлар вакилларининг Булунғур туманига ижодий сафари уюштирилди.
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё ва Самарқанд вилоятлари бўлимлари ҳамда Булунғур тумани ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбир қатнашчилари дастлаб тумандаги «Самарқанд гарден пласт», «Мароқанд сифат» корхоналарида бўлиб, уларнинг иш фаолияти билан танишди.
Шундан сўнг «Булунғур ҳаёти» газетаси таҳририятида ижодий мулоқот ўтказилди. Сирдарёлик журналистлар таҳририятнинг янги биносида булунғурлик ҳамкасблари иш фаолиятини кузатди, бу ерда яратилган шарт-шароитларга гувоҳ бўлди.
– Бугун аксарият босма нашрларда обуна камайиб, таҳририятлар қийин аҳволда қолди, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Сирдарё вилояти бўлими раиси Бойжигит Абдуллаев.
– Муассиси қўллаб-қувватлаётган, шунингдек, замон билан ҳамнафас бўлиб интернетда ҳам ўз саҳифаларини ташкил этган, тезкор ва танқидий-таҳлилий материаллар тайёрлаётган ижодий жамоалар барқарор ишлаяпти. «Булунғур ҳаёти» газетаси таҳририяти фаолияти билан танишув шу нуқтаи-назардан бизнинг туман, шаҳар газеталаримиз муҳаррирлари учун фойдали бўлди.
Учрашувда туман ҳокими Б.Баҳромов ҳам иштирок этиб, ҳудудда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва келгусидаги режалар ҳақида маълумот берди.
– Бундай ижодий сафарлар бизни илҳомлантиради, ҳамкасбларимиз билан ўзаро тажриба алмашишимиз учун қулай имконият яратади, – дейди «Янги Сирдарё» газетаси бўлим бошлиғи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Холида Пардабоева. – Булунғурга сафаримиз ҳам таассуротларга бой бўлди. Айниқса, «Булунғур ҳаёти» таҳририятига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликка ҳавасимиз келди.
Ғолиб ҲАСАНОВ,
ЎзА.