Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2021 йил 26 мартдаги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида туман умумтаълим мактабларида турли қизиқарли тадбирлар ўтказилаяпти. Шундай тадбирлардан бири 20-умумтаълим мактабидаИжодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи Пўлат Чўмбоев ташкилотчилигида “Булунғур ҳаёти” газетасининг бош муҳаррири Ғуломжон Ўролов ҳамда туманимизда яшаб ижод қилаётган, бир неча шеърий китоблар муаллифлари Ҳамроқул Маҳмудов, Рустам Бердалиевлар билан ўқувчиларнинг ижодий учрашуви бўлиб ўтди.
Дастлаб учрашувни мактаб директори Гавҳар Чориева очиб, тадбир иштирокчиларини қутлаб, якунланаётган ўқув йилида ўқувчиларга таътил пайтида мароқли ҳордиқ чиқаришлари, бироқ ижоддан узоқлашмасликлари, бундай ижодий учрашувлар бардавом бўлишлиги тўғрисида сўз юритди.
Шундан сўнг сўзга чиққан “Булунғур ҳаёти” газетасининг бош муҳаррири Ғуломжон Ўролов ўқувчиларни сўнгги қўнғироқ байрам тадбири билан қутлаб, мактабларда яқинда ташкил тилган “Ижодий-маърифий масалалар бўйича тарғиботчи” лавозимида фаолият юритаётган ходимларнинг иш фаолияти ва белгиланган вазифалари ҳамда келгусида амалга оширишлари лозим бўлган ишлар тўғрисида батафсил тушунча бериб ўтди.

Учрашувда ушбу мактабнинг 9-синф ўқувчиси Жалолиддин Азимов ва 4-“в” синф ўқувчиси Лайло Аблоқуловалар ўз ижод намуналар ўқиб беришди. 4-“в” синф ўқувчиси Шоҳрух Жўрабоев ва 5-“а” синф ўқувчиси Соҳибжон Ўктамбоевлар ўзбек адабиётига муносиб ҳисса қўшган таниқли адибларнинг ижод намуналаридан ўқишди. 4-“в” синф ўқувчиси Ҳусан Ўсаров ва 5-“а” синф ўқувчиси Қувондиқ Зокировлар доира ва довул асбобларида куй чалиб беришди.

Шоира НУРАЛИЕВА,
20-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси.