Миразиз (исм-шарифи ўзгартирилган) бошқа ҳамқишлоқлари қатори далага чиқиб, кетмон чопиб, пешона тери эвазига етиштирган ҳосилни сотиб, олган даромадига рўзғорини тебратиши ҳам мумкин эди. Бироқ у бундай қилмади. “Деҳқончилик”нинг осон ва кам меҳнат сарф қиладиган усулидан фойдаланишни афзал билди. Аслида буни деҳқончилик деб ҳам бўлмайди.
У ўспиринлик даврида ёши катта кишиларнинг жимжимадор қутилардаги чиройли фильтрли, номлари ҳам жарангдор сигареталарни бурқситиб тутатиб, хуморини босаётганликларини кўриб, “мазза” қилаётганларига ҳавас келиб, ўзи ҳам тамаки маҳсулотларини истеъмол қила бошлади. Қизиқиш туфайли бошланган сигарета чекиш бора-бора уни кашандаликка етаклади. Энди у сигарета чекмаса туролмайдиган бўлиб қолди. Аксига олиб ҳозир сигареталар у пайтлардагидек арзон эмас. Ҳадеб “пачкалаб” сотиб олавериш эса чўнтакка оғирлик қила бошлади. Миразизнинг боши қотган. Нима қилиш керак? Ўйлай-ўйлай чорасини топгандек бўлди...
2018 йилнинг баҳор ойлари. Ер оби-тобида. Миразиз томорқани чопиб, экин-тикин ишларини бошлаб юборди. Уй айвонининг олд томонига ҳар йилгидек турли хил анвойи гулларнинг уруғини сепди. Улар орасига эса бир амаллаб танишларини ишга солиб топиб келган, таркибида гиёҳванд моддаси бўлган “каннабис” ўсимлиги уруғидан ҳам қадади. Кунлар исиб, ҳадемай уруғлар ҳам, улар орасидаги “каннабис” ўсимлиги ҳам униб чиқди. Томорқа ишларига, гуллар парваришига ҳам оила аъзоларининг бирортасини жалб қилмади. Барча юмушларни ўзи бажарди. Қоровуллик қилди. Гуллар қаторида “каннабис” ҳам тез ва яхши ривожлангани сайин Миразизнинг хавотири оша бошлади. Эшикли уй, келим-кетим дегандек, қариндош-уруғ, таниш-билишлар тез-тез келиб туришади. Бирортаси “каннабис”нинг ҳидини сезса борми...
Кечқурун Миразиз белкурак билан “каннабис” ўсимлигини тупроғи билан ковлаб олиб, томорқанинг четроғидаги олча дарахти ёнига ўтқазди. Энди кўнгли хотиржам тортиб, уни парвариш қила бошлади. Ўсимликнинг таг қисмига ишлов берди, ўғит солди, қўриқлади. Кечалари чиқиб хабар олди, ҳидлади. Августь ойи охирлаганда “каннабис” ўсимлиги пишиб етилди. Миразиз уни ҳеч кимга, ҳатто оила аъзоларининг бирортасига ҳам билдирмасдан йиғиштириб олиб, баргларини ҳовлининг кўз илғамас жойига ёйиб, қуритиб олди. Қуриган баргларни эзғилаб, майдалаб, келгусида қулай бўлишлиги учун 5 дона гугурт қутисига жойлаштирди. У вақти-вақти билан қўлбола усулда тайёрланган “марихуана” гиёҳвандлик моддасини сигарета қутисига жойлаб, ҳеч кимга билдирмасдан истеъмол қилиб турди. Ҳаммакси бинойидек кетаётган эди. Бироқ...
2018 йилнинг декабрида тезкор маълумотга кўра Самарқанд вилоят ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан икки нафар холис фуқаро иштирокида “Кичик Килдон” МФЙ ҳудудидаги “Робот” қишлоғида истиқомат қилувчи М. Қодировнинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, айвонидаги темир шкафнинг таг қисмида қуруқ ҳолдаги, вазни 8,67 грамм бўлган, ичига “марихуана” гиёҳвандлик воситаси жойлаштирилган 5 дона гугурт қутилари борлиги аниқланди.
Суд судланувчи М. Қодировга жазо тайинлашда очиқлик, адолат ва ошкоралик мезонларига таянган ҳолда айбдорнинг муқаддам судланмаганлигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймон эканлигини ҳамда оилавий шароитини ҳисобга олди. Унга тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил ҳар ойда ойлик иш ҳақидан 10 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Қахрамон ҚОБИЛОВ,
туман ИИБ катта тезкор вакили, капитан.