Ҳар қандай инсофли, диёнатли, иймонли, виждонли кишига ўз фарзандини хўрлаш, унинг келажаги, тинч ҳаётини бузишдек қусурлар ёт бўлади. Аммо, меҳрини аяйдиган инсонлар ҳам афсуски топиларкан...
Беш кунлик дунёда мол-давлатга ружу қўйиб, қўшниси билан ер, ҳатто ўз ака-укаси ўртасида уй-жойга талашаётганларни кўриб ёқа ушлайсан киши.
Яқинда “Небўса” маҳалласида яшовчи оилалардан бирида ачинарли бир ҳолат юзага келди. Онанинг ўз боласига, аканинг укасига меҳрсизлигини кўриб, очиғи, ишонгинг келмайди. Ёш қизчаси билан тегишли идоралар эшиги олдига келиб кўмак сўраётган аёлнинг ичидан ўтаётган дардини бир қарашда тушуниш қийин эди. Унинг ўз оиласи тинчлигини сақлаб қолиш учун қилган мурожаати қай даражада ҳақли эканини ўрганиш мақсадида туман ҳокимлигининг ишчи гуруҳи тузилди. Бир оиланинг можаросини атрофлича ўрганиш ва ҳал этишда туман ҳокимлиги, ИИБ, МИБ, кўчмас мулк ва ер тузиш давлат кадастри, архитектура, “Небўса” МФЙ вакиллари ҳамда профилактика нозиридан иборат ишчи гуруҳ жанжал бўлаётган хонадонга боришди. Маълум бўлишича, аёлнинг ёши бир жойга бориб қолган қайнонаси ҳамда турмуш ўртоғининг туғишган акаси тазъйиқ ўтказаётган экан. Аёлнинг турмуш ўртоғи, яъни онахоннинг кичик ўғли пул топиш мақсадида ёлланма ишчи бўлиб ишлаётгани боис келолмади. Ака-ука ўртасидаги оилавий жанжал эса анча вақтдан буён давом этар, маҳалла-кўй, қўни-қўшни орага тушиб ҳам уларни инсофга чақиролмаётган экан. Аёл ёш қизи билан ўз уйида хотиржам ўтиролмас, уйдан чиқса ҳам эшикларини қулфлаб кўчага чиқар, тортишувлар жиддий тус олгудек бўлса яқин қариндошлариникига бориб турар экан. Ҳатто ўз ҳовлисига бемалол экин-тикин қилиб, боғдаги ёнғоқ ва олма дарахти мевасини териб олиб, рўзғор камчиликлари учун ишлатолмас экан. Ака ўз укасининг ҳовлисига мол ва қўйларини ҳайдаб боққани етмагандай уйдан чиқиб кет, деб айтаркан. Ўзбекчиликда ўғил ўстириб, тўй қилиш, уйли-жойли қилиш осон иш эмас. Айниқса, битта ҳовлида ака-ука, овсинлар биргаликда яшаши баъзида оилавий низоларни келтириб чиқаради. Бироқ, бу икки ака-ука тор жойга тиқилиб қолгани ҳам йўқ. Сабаби иккисининг ҳам рўзғори бўлак, иккита ҳовлида қўшни бўлиб яшаб келаётган экан. Уй-жойи бўлак, ҳовлиси кенг бўлса, нимани бўлишолмаяпти экан деб ўйлаб қолдик. Ишчи гуруҳ вакилларининг огоҳлантириши ва тушунтиришига қарамай момо ва катта ўғил келинини қувиб солишга уриняпти. Қизиғи, улар эгалик қилиб келаётган 1 гектарга яқин ер майдонининг кадастр ҳужжати мавжуд эмас. Момонинг сўзларига қараганда, келини ёмон, ўғли хотини билан ажрашиш ва бошқа турмуш қуришга рози бўлмаётгани учун уларни ҳайдаб юбориб, набиралари, яъни катта ўғлининг болаларига хатлаб бериш ниятида. Онахон келинини уйдан ҳайдаб чиқаришга уринар, ишчи гуруҳ вакилларини ҳар хил сўзларни айтиб ҳақорат қиларди. Бир маҳал онахон гурс этиб ерга йиқилди. Унга биринчи ёрдам кўрсатиш учун келган тез ёрдам бўлими ходимларига катта ўғли қаршилик кўрсатди. У шифокорларга қараб, онасига оғирлаштирувчи укол қилиб, аҳволини ёмонлаштириб қўймоқчи бўляпсанлар, деб бақира кетди. “Онамга тегинманглар, шу ерда ўлиб қолса, ҳамманг жавоб берасан”, деб қаттиқ туриб олди. Бир маҳал онахон ўрнидан туриб, яна келинига ташланди...
Қани, ота-боболаримиздан, момоларимиздан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган қадрият, миллийлик, ҳурмат, қадр-қиммат? Қани, дунёга ўзининг болажон халқ эканини кўз-кўз қилаётган инсонлар?
Халқимизда шундай гап бор. “Туя тўйди, фил тўйди, сен тўймадинг одамзод”. Очкўзлик оқибатида кадастрга киритилмай, ноқонуний фойдаланиб келинаётган ер майдони туман заҳира ерларига ажратилиб, бир неча йил давомида даромад олингани учун солиққа тортиш чораси қўриладиган бўлди. Кичик келин эса уйига киритилиб, маҳалла, профилактика нозири тез-тез хабар олиб турадиган, икки уйнинг орасида эса чегара тортиладиган бўлди. Эгалигида шунча ер бўла туриб, яна укасининг уйига, ерига талашаётган аканинг қилмишининг жавоби эди бу.
Хуллас, воқеанинг охири вой бўлди. Бундан ўзимизга тегишли хулоса чиқарсак, келгусида ана шундай ҳолатларнинг олдини олишга астойдил интилиб яшасак, оилалар тинч бўлади, фарзандлар эмин-эркин вояга етади. Аксинча бўлса, инсонийлик фазилатларимиз тобора йўқолиб бораверади.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.