Оила – муқаддас даргоҳ. Оилада соғлом муҳит яратишда ота-онанинг роли муҳим. Айниқса, оталар масъулиятли ва ибратли бўлишлари лозим. Афсуски, орамизда сабаб-бесабаб спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, оилавий келишмовчиликларни юзага келтираётганлар ҳам учраб турибди. Ана шундайлардан бири “Гулзор” маҳалласи фуқароси Жасур Холиқназаров (исми-шарифи ўзгартирилган).
У 2 нафар фарзанднинг отаси. Ўрта маълумотли, мавсумий ишчи. Гарчи муқаддам жавобгарликка тортилган бўлсада, вақтида тўғри хулоса чиқармасдан, яна спиртли ичимлик истеъмол қилган ҳолда турмуш ўртоғи билан ўрталарида келиб чиққан оилавий келишмовчиликлар оқибатида жанжаллашиб қолиб, жаҳл устида турмуш ўртоғини уриб, унга енгил тан жароҳати етказди. Унинг содир этган ҳуқуқбузарлиги сайёр суд мажлисида муҳокама қилинди.
Жомбой туман маъмурий судининг очиқ сайёр суд мажлиси Булунғур туман ДСИ биносида ўтказилиб, Жасурнинг содир этган ҳуқуқбузарлиги юзасидан маъмурий иш кўриб чиқилди. У судда жаҳл устида турмуш ўртоғига енгил тан жароҳати етказганлигини тан олди. Шунингдек, ҳозирги кунда турмуш ўртоғидан кечирим сўраб ярашганлигини, қилган ишидан пушаймонлигини, оилавий аҳволи оғирлигини, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзандлари борлигини ҳисобга олиб, қонуний енгиллик беришни сўради.
Суд ҳайъати ҳуқуқбузар Ж. Холиқназаровга жазо тайинлашда айбини тан олганлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини инобатга олиб, унинг содир этган маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳаракатини кам аҳамиятли деб ҳисоблаб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 21-моддасини қўллаб, маъмурий жавобгарликдан озод қилиб огоҳлантиришликни ва унга оид маъмурий ишни иш юритишдан тугатишликни лозим топди.
Равшан ОЧИЛОВ,
Самарқанд вилоят маъмурий суди судъяси.
Зафар ХОЛИҚУЛОВ,
Жомбой туман маъмурий суди раиси.