Инсониятни тубанликка, ахлоқий бузуқликка етаклайдиган энг ёмон иллатлардан бири гиёҳвандликдир. Ушбу оғу туфайли қанчадан қанча оилалар бузилиб, минглаб бегуноҳ, носоғлом гўдаклар ота-она, оила меҳридан мосуво бўлишмоқда. Афсуски, бу заҳри қотилдан бир истеъмол қилган киши унга ипсиз боғланади. Гиёҳвандлик домига тушган инсонни бу иллат манқуртга айлантирмасдан қўймайди. Бундай оғунинг исканжасига тушганларнинг кўпчилиги ўз ҳаётини қурбон қилишади.
Инсон ҳаётига дахл қиладиган бундай иллатлар ҳақида жуда кўплаб тарғибот ва тарғибот ишлари олиб борилган ва бу давом эттирилмоқда. Аммо, инсон зотига хос бир хислат бор – қачонки ёмонни кўрмагунимизча яхшини, бемор бўлмагунча соғлиқни, маҳкум бўлмагунча озодликни қадрламаймиз.
Қодир таниши Улуғбекка гиёҳвандлик воситасидан “татиб кўриш”ни таклиф қилди. Улуғбек уни бу йўлдан қайтармади, аксинча рози бўлиб қўяқолди. Албатта, уларнинг бу қилмиши тўқликка шўхликдан бошқаси эмас эди. Қодир Улуғбекка гиёҳвандлик моддасидан топиши учун уч юз минг сўм пул берди. Заҳри қотил эса осонгина топилди. Энди уни бирор хуфя жойда чекиш керак.
Улар кўп ўйлаб ўтиришмади, олдиндан биладиган жойи, ўз яшаш уйида бангихона очган Лобарникига боришди. Лекин, Қодирнинг режаси бутунлай амалга ошмади. Бангихонага келиб, гиёҳванд моддадан истеъмол қилаётган пайтда уларни ИИБ ходимлари жиноят устида қўлга олишди.
Жиноятни яшириш ва уни билиб туриб ёлғон гувоҳлик бериш аслида жиноят. Жиноятни билиб туриб тегишли идорага хабар бермаслик ҳам жиноятнинг бир тури. Қодир бангихона ҳақида билса-да, бу ҳақда тегишли идорага хабар бермади.
Жиноятчининг-ку қилмишига яраша жазо олиши аниқ. Аммо, биз қачонгача маҳалладошим, қўшним ёки қариндошим деб, ноқонуний иш қилаётганлардан кўз юмамиз, душман орттирмайлик, деймиз... Қачон бизнинг ҳуқуқий маданиятимиз ошади-ю, қачон ҳуқуқбузарлик, қонунбузарликларни ўз вақтида тегишли муассасаларга хабар берадиган, содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олган бўламиз? Ахир, товламачига алданиб қолиш унча-бунча ҳуқуқбузарлик эмас, жиноят-ку! Аслида тинч турмушимизга болта ураётган бундай кимсаларни аёвсиз фош қилиш аввало ўзимизга, қолаверса барча яқинларимизга, шунингдек жамиятимизга ҳам фақат фойда келтиради.
Пўлат ЧЎМБОЕВ.