Бизнинг асосий мақсадимиз - ёшларнинг сифатли таьлим олиш имкониятига эга бўлишига эришиш, уларнинг ўз қобилиятлари ва истеьдодларини рўёбга чиқариш учун барча шароитларни яратиб беришдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.МИРЗИЁЕВ.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда таьлим-тарбияга, унинг сифатига катта эьтибор қаратилмоқда. Бугунги кунда Республикамизнинг олис туман ва қишлоқларида ҳам ўқувчилар янги ва замонавий биноларда билим олишмоқда. Барча имкониятларга эга бўлган мана шундай мактаблардан бири сифатида олтита қишлоқни ўз ичига олган ''Лалмикор'' маҳалла фуқаролар йиғини Эшмонтўп қишлоғида жойлашган 25-умумий ўрта таьлим мактабини ҳеч муболағасиз фахр билан кўрсатиш мумкин.
Мазкур таьлим даргоҳида 573 нафар ўқувчи ўқийди. Мактаб директори Ш.Ташиев раҳбарлигида 60 нафар ўз касбининг усталари, моҳир педагоглар ўқувчиларга сабоқ бериб келишмоқда.
Шунингдек, мактабимизда замонавий жиҳозланган 9 та ўқув хонаси ва 18 та компьютер жамланмасига эга информатика хоналари мавжуд. Мактабимизнинг эски биноси ўрнида 2011 йил янги бино қурилиб, фойдаланишга топширилган. Янги бино кичиклиги сабаб мактабимизда ўқиш жараёни икки сменада ташкил этилган эди. Шу сабабдан 2021 йил инвестиция дастури асосида 300 ўринли қўшимча бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қўшимча бинода 12 та ўқув хонаси бўлиб, яқин кунларда мактабимизда ўқиш жараёни бир сменада олиб борилади.

Ўзим ҳам шу мактабда таҳсил олиб, бугунги кунда эса фаолият юритаяпман. Бу ерда жуда кўплаб устоз-мураббийлар сабоқ берган, раҳбарлик қилган. Шулардан Н.Шоназаров, О.Сиддиқов, Х.Сангиев, М.Исломова каби фахрий устозларни мисол келтириш мумкин. 2018 йил сентябрь ойидан бошлаб жамоага мактабимизнинг тарих ўқитувчиси Ш.Ташиев директорлик қилиб келмоқда.
Мактабимизда истеъдодли ўқувчилар кўп. Масалан, 6-синф ўқувчиси Мурод Мамашукуров, 7-синф ўқувчиси Мадина Холиқулова, 8-синф ўқувчиси Нурбек Бурхонов ҳамда 9-синф ўқувчиси МоҳичеҳраАлиқуловалар келажакда гўзал шеьрлар ёзишни ният қилаётган умидли ва ҳаваскор ва шоирлардан. Бундан ташқари, ўқувчилар орасида рассомчиликка ҳавасмандлари ҳам бир талай. Улар яратаётган суратларидан кўзингиз қувонади. Илмга чанқоқ ўқувчилар турли фан олимпиадаларида фахрли ўринларни олиб, мактабимизнинг шаънини кўтариб келишмоқда.
Инсон орзу-мақсадларига илм орқали етишади. Илм инсонларга энг тўғри йўл кўрсатувчидир. Шу сабабдан илм инсонларнинг гўзал хулқ эгаси сифатида камол топишига сабаб бўлади.
Дилноза ЯХШИБОЕВА,
25-умумтаълим мактабининг Ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.