Туманимиз умумий мактабларида сўнгги қўнғироқ жаранглади. Улкан орзу мақсадлар билан таълим-тарбия қучоғида жам бўлишган ўқувчилар бугун ҳаётнинг катта остонасига қадам қўйишмоқда. Халқ таълими вазирлигининг “Умумий ўрта таълим мактабларида 2020-2021 ўқув йилини якунлаш ва сўнгги қўнғироқ тадбирларини ўтказиш” бўйича тавсиялари асосида барча мактабларда сўнгги қўнғироқ тадбирлари карантин қоидалари асосида бўлиб ўтди.
Туманимиздаги 37-умумтаълим мактабида ҳам 2020-2021 ўқув йили якунига бағишланган сўнгги қўнғироқ тадбири ўзгача шукуҳ билан нишонланди. Унда юқори синф ўқувчилари, ўқитувчилар, ота-оналар иштирок этишди. Айни пайтда ушбу мактабда 49 нафар ўқитувчи педагоглар 445 нафар илмга чанқоқ ўқувчиларга сабоқ бериб келишмоқда.
Тадбирни мактаб директори Собир Жалилов очиб, битирувчиларни табриклаб, эзгу тилаклар билдириб, оқ йўл тилади. Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимида эришилган ютуқлар, амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, таълим тизимидаги ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди. Маълумот учун шуни айтиш мумкинки, 37-умумтаълим мактабини бу йил 25 нафар ўқувчи битирмоқда.
Шундан сўнг ўқувчиларнинг адабий-бадиий чиқишлари намойиш этилди. Тадбирда йил давомида намунали хулқи ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларга эришишган иқтидорли битирувчилар ва таълимда фидойилик қилган мактабнинг фаол ўқитувчилари фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан рағбатлантирилди.
Тадбирда қатнашган ота-оналар ҳам мактаб битирувчиларни табриклаб, уларга таълим-тарбия берган устозларига миннатдорчилик билдирдилар. Тадбир карантин қоидаларига амал қилган ҳолда ўтказилди.
Осиё ЖЎРАБОЕВА,
37-умумтаълим мактаби Ижодий-маданий
масалалар бўйича тарғиботчиси.