Сўнгги йилларда миллионлаб митти юракчаларни ўз бағрига чорлаган илм масканларида таьлим сифати ва самарадорлигини яхшилаш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмода. Дейлик, марказдаги мактаблардан тортиб, Республикамизнинг олис туман ва қишлоқларида илм ўрганаётган болалар ҳам бугун янги, замонавий биноларда таҳсил олишмоқда. Олдинлари кадрлар масаласида ҳам анчагина оқсоқликлар кузатиларди. Шаҳар ўқувчиларигагина насиб қилган чет тили ўқитувчилари бугунга келиб юртимизнинг барча олис ҳудудларида бор.
Мана шундай имкониятларга эга мактабда ўқиётган ўғил-қизлар “Қўнғирот” маҳалласи “Манғит” қишлоғи болаларидир.
Тарихдан маълумки, Манғит сўзи 92 ўзбек уруғиларидан бирининг номи. Улар Моварауннаҳрга ХV асрда Шайбонийхон билан бирга кириб келган. Ўтмиш зарварақларида қайд этилишича, Бухоро хонлиги ташкил топишида ҳам қатнашади. 1758 йилдан бошлаб эса Бухоро амирлигини расман “Манғит” уруғи фаоллари бошқарган. Шу даврдан бошлаб энг яхши ерлар уларнинг тасарруфига ўтади. Демак, “Манғит” қишлоғига ўша даврларда асос солинган. Чунки, чўп суқсанг ундирадиган ҳосилдор, унумдор ерлар ҳудди шу ҳудудда бор.
Манғит қишлоғи фарзандлари 53-умуммий ўрта таълим мактабида таҳсил олишади. Таьлим даргоҳида 242 нафар ўқувчи ўқийди. Мактаб директор Н.Дадилова раҳбарлигидаги 32 нафар ўқитувчи ўқувчиларга сабоқ беришади. Шунингдек, мактабда 12 та ўқув хонаси, 300 ўринга мослашган фаоллар хонаси ҳамда 16 та компьютерга эга информатика хоналари мавжуд.
– Мен шу қишлоқ қизиман. Мактабга тамалтоши қачон қўйилганини аниқ билмайман, - дейди бошланғич синф ўқитувчиси Малоҳат опа Исоқова -Эслаганим, 1979 йил илк бор мактаб остонасига қадам қўйганман. Эски биномиз ҳозиргисидан сал нарироқда жойлашган эди. Йиллар таъсири натижасида батамом яроқсиз ҳолга келиб қолди. Янги мактаб биноси 2002 йил қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ҳа айтганча, бизнинг мактаб очилишига Президентимиз Шавкат Мирзиёев келган эди. Ўша йиллари Самарқанд вилоят ҳокими бўлиб фаолият юритардилар.
Бу ерда кўплаб устоз-мураббийлар дарс берган, раҳбарлик қилган. Т.Холдоров, Ф.Шодмонов, Л.Одилов, Д.Қўшимовалар шулар жумласидандир. 2018 йил май ойидан бошлаб жамоага она-тили ва адабиёт фанидан узоқ йиллар давомида болаларга сабоқ бериб келган Н.Дадилова директорлик қилиб келмоқда.
Ўтган йиллар давомида мактаб нафақат янги кўриниш касб этиб борди, балки, унда сабоқ олган болалар орасида турли йўналишдаги фан докторлари, фан номзодлари, раҳбарлик лавозимларида ишлаётганлар, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалигида меҳнат қилаётганлар етишиб чиқишди.
Оққан дарё оқмай қолмас. Бугун ҳам муассасада истеъдодли болалар кўп. Масалан, 10-синф ўқувчиси Машҳура Бойжигитова келажакда гўзал шеърлар муаллифи бўлмоқни ният қилаётган умидли шоиралардан бири. 7-cинф ўқувчиси Жасмина Фоттайева ҳам опалари қатори шеърият ҳаваскори. Йигитлар орасида туман ва вилоят танловларида қатнашиб, фахрли ўринларни олиб келаётган ихтирочи Суннатулло Раҳматуллаев 7-синфда ўқийди. У машина, самолёт, робот каби турли нарсаларнинг макетини ясашни қиёмини келтириб бажаради. Бундан ташқари, ўқувчилар орасида рассомчиликка ҳавасмандлари ҳам борки, бир қарашда суратга жон кирғизгандек кўринади.
Хулоса ўрнида, инсон илм нури билан ўз йўлини ёритмаса, зулмат ва нодонлик кўчасида қолади. Киши қалбининг нури илм ва маърифат билан бақувватлашади. Инсониятнинг қадри илм билан ҳосил бўлади. Устоз ва мураббийлар эса илм берувчи, ўргатувчилар ҳисобланишади. Булунғурнинг сўлим гўшаларидан бири Манғит қишлоғи ўқитувчилари ҳам шу мақсадда меҳнат қилишмоқда.
Шундай экан Манғит қишлоғидаги мактаб ҳам келгуси йилларда эл-юртга ҳизмат қиладиган инсонларни тарбиялашда давом этаверади, деган умиддамиз.
Малика СУЮНОВА,
53-умумтаълим мактабининг Ижодий-маданий
масалалар бўйича тарғиботчиси.