Ҳар доимгидек бу йил ҳам янги ўқув йили бошланишини ўқувчилар қатори ўқитувчилар ҳам орзиқиб кутишди. Янги ўқув йили бошланиши олдидан барча синф раҳбарлари ўқувчиларнинг ота-оналари билан суҳбат ўтказишиб, таълим даргоҳида ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари, хулқ-атвор меъёрларига қўйиладиган талаблар ҳақида тушунча беришди. Шунингдек, ота-оналар мажбуриятлари, ўқувчиларнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига оид мажбуриятлари, кийиниш ва сўзлашиш маданиятига амал қилишлари лозимлиги тушунтирилди.
Мактабимиз туманимиздаги энг кекса илм даргоҳларидан бири саналади. Ортда қолган давр мобайнида бу мактабни минглаб ўқувчилар битириб, турли соҳаларда мамлакатимиз ривожига ҳисса қўшиб келишмоқда. Ўтган асрнинг бошларида ташкил этилган ушбу мактабда дастлаб фаолият юритган устоз ўқитувчиларнинг аксарият шогирдлари айни пайтда устозлари изидан бориб, ўқувчиларга сабоқ беришмоқда.
Мактабимиз 3 қаватли бўлиб, замон талабларига мос қилиб қурилган. Жорий йилда 957 нафар ўқувчи таълим олишмоқда. Уларга 7 нафар олий тоифали, 9 нафар 1-тоифали ва 17 нафар 2-тоифали, жами 97 нафар ўқитувчи-педагоглар таълим-тарбия беришмоқда.
Янги ўқув йилида биринчи синфга қабул қилинувчилар сони ўтган йилдагига нисбатан бирмунча ортганлиги сабабли синфлар сонини 3 тадан 4 тага кўпайтирдик. Ҳозирда 1-синфда 113 нафар ўқувчилар таълим-тарбия олишмоқда.
Ўтган 2021-2022 ўқув йилида 42 нафар битирувчиларнинг 15 нафари юртимиздаги олий ўқув юртларига талабаликка қабул қилиндилар. Шундан 4 нафари юртимиздаги олийгоҳларда Давлат гранти асосида, 11 нафари шартнома асосида талаба бўлишди. 9-синф битирувчиларидан 6 нафари олий намунадаги шаҳодатномага эга бўлишди. Битирувчи ўқувчилардан Гулсанам Ҳамроева ва Мафтуна Суюндиқува лар олтин медалга муносиб кўрилди. Ўқишдаги бундай ютуқларга эришишда мактабимизнинг устоз ўқитувчиларидан ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Феруза Тўйчиева, жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Мурод Рўзиев ва математика фани ўқитувчиси Бахтиёр Рўзиевларнинг ҳиссалари катта бўлмоқда.
Мактабимизда ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ички тартиб-қоидаларга амал қилишлари ҳамда мактаб ҳудуди ва ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳомилар кўмаги билан 4 та кузатув камералари ўрнатилган.
Ўқувчиларнинг фанларга қизиқишлари ва билимларини янада оширишлари учун мактабимиз қошида бир неча йилдан буён 19 та тўгаракларга аъзо бўлган 491 нафар ўқувчилар аниқ фанлар, рус ва инглиз тили фанлари, спорт, тасвирий санъат ва амалий технология бўйича тўгаракларга қатнашишади. Вилоят ва туман бўйича ўтказилган турли кўрик-танлов, мусобақалар ва беллашувларда ўқувчиларимиз фаол иштирок этишиб, фахрли ўринларни эгаллаб келишмоқда. Ўқувчилар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида тез-тез “Ёш китобхон”, “Зукко китобхон”, “Энг яхши китобхон” танловлари ўтказиб келинмоқда. Кутубхонамизда билим даражасини янада ошириш, ўқишга, китобга бўлган муносабатларини яхшилаш учун 15142 та ўқув дарсликлари ва 1246 та бадиий китоблар мавжуд.
Мактабимизда байрам тадбирлари, таниқли фан арбоблари, ёзувчилар, шоирларнинг таваллуд кунларига бағишланган кечалар, ижодкорлар билан учрашувлар, ўқувчилар ўртасида “Баҳру-байт” айтишувлари, “Умид ниҳоллари”, “Қувноқлар ва зукколар” каби барча тадбирларни тўгарак раҳбарлари ва фан ўқитувчилари билан ҳамкорликда фаоллик билан ўтказиб келмоқдамиз.
Жамоамизнинг бош мақсади - ўқувчиларга сифатли таълим беришдан иборат. Бу йўлда биз бор куч-ғайратимиз ва билимимизни аямаймиз.
Замира ҚОДИРОВА,
3-умумтаълим мактабининг директори.