БИЛИМНИ ОШИРИШДА ТАДБИРНИНГ ЎРНИ КАТТА
Мамлакатимизда таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилиб, ёшларнинг маънавий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилинмоқда. Ўқувчиларни ёшлигидан она Ватанга меҳр ва муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга, қалбида фидойилик туйғуларини мустаҳкам қарор топдиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Маълумки, бугун ўқитувчининг энг асосий вазифаси таълим сифатини ошириш бўлиб, шу мақсадга эришиш эса педагогнинг ҳар томонлама изланишига боғлиқ.
Бизнинг 35-умумтаълим мактабида ҳам ўқувчиларнинг сифатли билим олиши учун ва бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун маълум ишлар қилинмоқда. Хусусан, ўқувчи-ёшлар мактабда билим ўрганиши билан бир қаторда турли тадбирларнинг ташкил этилиши ўқувчи ёшларнинг билимга бўлган қизиқишларини янада оширмоқда. Жорий йилнинг декабрь ойи барча мактабларда бошланғич синфлар бўйича фан ойлиги деб эълон қилинди. Шу муносабат билан мактабимизда ҳам бошланғич синфлар ўртасида қизиқарли тадбирлар ўтказилмоқда. Мактабнинг 1, 2, 3 ва 4-синф ўқувчилари ўртасида “Кимнинг хати чиройли”, “Ёш математик”, “Ким кўп шеър билади”, “Ёш рассом” каби кўрик- танловлар ўтказилди.
Бу тадбирлар бошланғич синф ўқувчиларида катта қизиқишни уйғотмоқда. Ўқувчилар ўрганган билим ва истеъдодларини тадбир давомида кўрсатдилар. Ўқувчиларнинг билим ўрганишга бўлган қизиқишлари янада ошди. Беллашувда ғолиб бўлган ўқувчилар аниқланиб, мактаб жамоаси томонидан рағбатлантирилди. Ўқувчиларнинг билим ўрганишида тадбирларнинг аҳамияти катта эканлиги яна бир бор исботланди. Айни пайтда мактабимизда шу каби тадбирларнинг ўтказилиши режа асосида давом этмоқда.
Тоир САЛМОНОВ,
35-умумий ўрта таълим мактабининг
ўқув-ишлари бўйича директор ўринбосари.