Қизиқишим сабаб, Булунғур туман жанубидан оқиб ўтувчи Зарафшон дарёси бўйдаги Фармонтепа қишлоғидан то шимолида Ғўбдин тоғи жануби-ғарбидаги Ботбот қишлоғигача кезиб чиқдим. Мақсадим, туман қишлоқлари номининг нима сабабдан шундай аталишини ўрганиш эди. Чунки, ҳар бир ном ўз ичига, сиртдан қараганда оддий кўринсада, кўплаб сирларни яшириб келади. Сиз билан бизнинг вазифамиз эса келажак авлодларга уларни имкон қадар илмий асослаб етказишдан иборат.
Саёҳат давомида 200 дан ортиқ катта-кичик қишлоқларда бўлдим. Улар орасида бундан 3000 йил аввал Сўғдча ном олганлардан то яқин йилларда бино бўлиб, замонавий ном олганлари ҳам бор. Яна шундай қишлоқлар бор эканки, улар туркий тиллардан анча узоқ тиллардан ном олган бўлиб, ўз тарихига эга.
Энг қизиқ томони, улар ичида бирорта китобларда тилга олинмаган, изоҳларсиз, ноёб ва ғаройиб номли қишлоқлар топилди. Ҳатто уларнинг адашлари нафақат бошқа қўшни туман, вилоятда, балки Ўрта Осиёда учрамайди.
Тўғри, бу қишлоқлар номининг келиб чиқиши ҳақида маҳаллий халқ ғурур билан турлича ривоят ва афсоналар тўқиган, лекин улар илмий асосларга эга эмас. Шу сабаб бундай қишлоқлар номларини бўғинма-бўғин, турли китоблардан излаб, изоҳлаб хулосалашга тўғри келади. Шунингдек, улар бугунги маҳаллалар бўйича берилган.
Улар - Қувват (Авлиё Парпи), Бедана (Бедана), Ботбот (Боғбон), Ертешар (Элобод), Ўтар-Қум (Эсонтурди), Оқтом, Ғайир (Гулобод), Олақоп, Ғужир (Каптархона), Тиғириқ (Небўса), Сассиқ (Лалмикор), Харамза (Қирқшоди), Зертош (Қўнғирот), Фармонтепа (Хўжамазгил), Хадча (Янгиариқ) ва бошқалар.
Хўш, ота-боболаримиз нима учун бу қишлоқларга шундай ном берган?
Гапни Қувват қишлоғидан бошласак. Қувват номи икки бўғин бўлиб, биринчи бўғин - қу сўзи (шевадаги ху)ни топономист ( жой номлари маъносини изоҳловчи) олим Ҳ.Ҳасанов ўзининг “Ўрта Осиё жой номлари тарихдан” асари (Т., 1965, 58-б)да “1963 йили турколог профессор А.К.Канонов билан Фарғона водийсини сайр қилганимизда, у киши “Ху - шамол деган сўз” дедилар”, деб изоҳлайди. Номнинг иккинчи қисмдаги ват сўзини эса, Жиззахлик топономист Қ.Ҳакимов ўзининг “Топономика” китоби (Т, 2016, 163-б) да “ват - арабча роват сўзининг қисқарган шакли“ дейди. Роват – Карвонсарой демак, Қувват - “Сершамол карвонсарой” бўлади.
Лекин, баъзи “донолар” ўзларича уни Қувват деб номлайди. Билмайдики , қув сўзининг маъноси нима бўлишини.
Бедана қишлоғи. Баъзилар бу номни қуш номи билан боғлайди. Топономистлар З.Дўсимов ва Х.Эгамовлар ўзларининг “Жой номларинг қисқача изоҳли луғати” китоби (Т., 1977, 117-б)да “Топоним форсча Пех-кенг, ҳатто ва Дона – “омбор, истеҳком, атрофи ўралган жой” сўзларидан ясалган бўлиб, “катта истеҳком, кенг омбор маъноларини англатади”, деб изоҳлаган.
Самарқандлик топономистлар Н.Бегалиев ва А.Нуробовлар эса ўзларининг “Самарқанд топономияси китоби“ (Сам., 2015,31-б) да “Бедана-кенг яйлов” маъносига тўғри келади демоқчи бўлган. Менимча ҳам шу изоҳ тўғри. Чунки, Оқтошдаги Шўрбедана номини “Шўр омбор” деб изоҳлаш нотўғри бўлади.
Ботбот қишлоғи. Бу қишлоқ номини баъзи акалар Қатқат деб изоҳлайди. Бу нотўғри изоҳ. Чунки, Ботбот қишлоғи номининг биринчи бот(и)-бот -шамол сўзини англатади деса, З.Дўсимов ва Х.Эгамовлар ўзларининг жой номларининг қисқача луғати (87-б)да “С.Каухчишвили изоҳича сван тилида мавжуд бот-тош, тоғ” сўзига тўғри келади, дейди” Биз у ерда номнинг иккинчи бўғинидаги ботни ободдаги қисқариш деб қараган ҳолда Ботбот-1) тоғ шамоли, 2) тоғ қишлоғи дейиш мумкин. Чунки, у Ғўбдин тоғи яқинидаги қишлоқ.
Ертешар қишлоғи. Бу қишлоқ номининг маъносини сиртдан қараганда “Қудуқ қазувчи” дейиш мумкин. Ўрта Осиёда қадимдан сувга бўлган талабнинг катталиги оқибатида кишилар ўртасида шундай касб эгалари пайдо бўлиб, улар яшайдиган қишлоқ Ертешар деб аталган, деган хулосага алоҳида варақда қараяпман.
Ўтар Қум қишлоғи. Бу қишлоқ номининг келиб чиқиши ҳақида Самарқандлик топономистлар Н.Бегалиев ва А.Туробовлар ўзларининг “Самарқанд топономияси” китоби (107-б)да “Дашти Қипчоқ Ўзбекларидан бўлган ўтарчи қабиласи ХV-XV1асрларда Мовароуннаҳрга келиб, Фарғона водийси, Бухоро, Самарқанд вилоятларида тарқоқ ҳолда яшаган.
ХХ аср бошларида ўзбек қабилалари таркибида ўтарчи уруғи қайд қилинган. Ўтарчи –“Вақтинча яшовчи” (кўчманчи) демакдир. Ўтарчи, Отарчи номидаги қишлоқлар Самарқанд вилоятининг Иштихон, Оқдарё, Пастдарғом туманларида учрайди, деб маълумот берган. Демак, Ўтарчи уруғи бўлса, ўтар - улар яшайдиган қишлоқ бўлади. Қум эса унинг иккинчи номи. Яна кўчманчи-чорвадор халқ, деб тушунилади.
Оқтом қишлоғи. Бу ном сиртдан қараганда “оҳакланган бино” маъносида келади. Шунингдек,оқтом билан оқ уй маъно жиҳатидан бир хил. Шундай экан, ёзувчи Н.Сафаров ўзининг “Эрк эгалари” асари (Т., 1977, 398-б)да “оқ уй-янги мактаб” деса, А.Соғуний ўзининг “Туркистон қайғуси” тарихий асари (Т., 2020, 251-б)да “Сайрам шаҳридан қалмоқлар ўзларига қаршилик кўрсатмасликга гаров сифатида кўзга кўринган юрт яхшиларидан ўттиз неча уйлик оилани ўз одатларича “оқ уйлик” қилиб олиб кетдилар”, деб ёзади. Демак, бундан чиқдики “Оқ уйлик” “гаровга олинган” бўлиб, оқ уй - гаровга олинганлар қишлоғибўлади. Чунки, А.Темур ҳам босиб олган ерларда шундай усул қўллаган.
Ғайир қишлоғи. Ғайир – шевада “қайир”. Бу ҳақда топономистлар С.Қориев, П.Ғуломов ва Р.Раҳимбековлар ўзларининг “Географиядан изоҳли луғат” китоби (Т., 1979, 128-б) да “қайир-дарё, канал бўйлаб чўзилган, сув кўпайган вақтда босиб кетадиган пастак захоб ерлар”, деб ёзган. Яна З.Досинов ва Х.Эгамовлар “Жой номларининг қисқача изоҳли луғати” китоби (152-б) да “Қайир-Суғорма ер” деб берган. Демак, шевадаги ғайир - аслида “Қайир” бўлиб, “Суғорма ер” маъносида келади.
Олақоп қишлоғи. Бу ном икки сўздан иборат бўлиб, номнинг биринчи бўғинидаги “ола” сўзини Ҳ.Ҳасанов ўзининг “Ер тили” рисоласи (Т., 1977, 55-б)да “Ола – катта” маъносида келади, дейди. Номнинг иккинчи бўғинидаги “қоп” сўзини эса шу киши ўзининг “Ўрта Осиё жой номлари тарихидан” асари (16-б)да “Боши берк сойлик жой”, деб изоҳлаган. Демак, Олақоп - катта боши берк сойликда жойлашган қишлоқ” бўлади. Яна, С.Қораев, П.Ғуломов ва Р.Раҳимбековлар “Географиядан изоҳли луғатлар” китоби (150-б)да “Олақоп-сув чуқурдан кесиб ўтган жойга айтилади” дейди.
Ғажир қишлоқ. Ғажир - шевада Тасқара(Тазғара) ҳам дейилади. С.Қораевнинг “Географик номлар маъноси” китоби (118-б) да “Кўримсиз, хунук” нарсани тасқара дейишади, чунки тасқара (баъзи жойларда Ғажир ) деб аталадиган ўлимтикхўр қуш ҳақиқатдан ҳам жуда бадбашара бўлади. Тасқара (Ўзбекистондаги тасқара) файзсиз чўл-у биёбонда яшайдиган шундай аталган бўлиши эҳтимол. Тасқара қозоқ ва Қорақалпоқларнинг бир уруғи бўлиши ҳам мумкин”, дейди. Демак, халқимиз шундай уруғ кишилари яшайдиган қишлоқни ўз тилида Ғажир қишлоқ деб атаган. З.Дўсимов ва Х.Эгамовлар “Жой номлари луғати” китоби (187-б)да “Ғажир -тик, баланд, қуруқликдир”, деб изоҳлайди.
Сассиқ қишлоқ. Бу қишлоқ номини Н.Бегалиев ва А.Туробовлар “Самарқанд топонимияси” китоби (81-б)да “сувнинг ҳиди билан боғлиқ ном” деб тўғри изоҳлаган. Лекин, “Сассиқ” сўзи булоқ суви таркибидаги минерал ҳақида хабар берувчи белгидир”, деб нотўғри ёзган. Чунки, мен ўша жойга қўшни қишлоқда яшовчи, 1941 йилда туғилган, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси О.Одилов (географ) билан бориб, суҳбатлашиб шунга амин бўлдим. Қолаверса, бундай булоқ битта, дейди домла.
Тиғириқ қишлоқ. Бу қишлоқ номининг маъноси ҳақида Б.Тўйчибоев ва Қ.Қашқирлилар ўзларининг “Зоминнинг тил қомуси” китоби (Т., 2021, 63-б)да “Халқ этимологиясига кўра, “тиғириқ атамаси - тирриқ” сўзининг ўзгаришига учрашидан пайдо бўлган ва озғин маъносини беради. Бунинг сабаби сифатида шу қишлоққа асос солган киши мустқил рўзғор қуриб, отасидан ажралиб чиқаётганда унга фақат бир тирриқи бузоқ текканини кўрсатишади”, деган. Менимча Тиғириқнинг маъноси “Тик ариқ”. Чунки, у баланд тепаларни кесиб ўтган , қирғоқлари тик ариқдир.
Харамза қишлоғи. Бу номнинг келиб чиқишини маҳаллий халқ қишлоқ яқинидаги мозор билан боғлайди. Уларнинг айтишларича Харам - “хар кун кириш мумкин бўлмаган жой” маъносидан олинган бўлиб, қишлоқ шундан Харамза деб аталган, дейди. Уларнинг гапида ҳам жон бор. Топономистлар эса номнинг биринчи қисмидаги хором сўзини форсча “бузуқ”, иккинчи қисмидаги “за” сўзини З.Дўсимов ва Х.Эгамовлар “Жой номларининг қисқача изоҳли луғати” китоби (143-б)да “Заминнинг қисқартирилгани-ер” деб изоҳлайди. Демак, Хорамза - “Бузуқ ер” бўлади. Бундай жойлар ер шарининг ҳамма жойларида, ҳатто Австралияда ҳам бор. Улар ҳам шундай атайди.
Зертош қишлоғи. Жой номининг биринчи қисмидаги “зер” сўзини олдин “сер” бўлса керак, деб ўйлаган эдим. Ундай эмас экан. Топономист С.Қораевнинг “Жой номлари маъноси” китобида келтирилишича, зер-қуйи, иккинчи қисмидаги тош-тош бўлиб, “қуйи қисмдаги тошли жой” ёки тош қатлам яқин жойларга айтиладиган ном экан. Қишлоқ шундай ҳудудда барпо бўлгани сабаб ота-боболаримиз уни қисқача Зертош деб атаган.
Пармонтепа қишлоғи. Уни Фармонтепа деб ҳам аташади. Жой номининг биринчи бўғинидаги “пар–фор” сўзини Ҳ.Ҳасанов ўзининг “Ўрта Осиё жой номлари тарихидан” рисоласи (55-б)да “тоғ этаги”, иккинчи бўғинидаги “мон”ни Н.Бегимов ва А.Турабоевлар “Самарқанд топонимияси” китоби (59-б)да “макон,жой” деб,“тепа–тепа” эканини ҳамма билади) деб изоҳлаган . Демак, Фармонтепа –тоғ этагидаги тепалик жой, дегани экан.
Хадча қишлоғи. Сиртдан қараган бу ном киши исмини эслатади. Лекин, бу номни С.Қораев ўзининг “Географик номлар маъноси” китоби (31-б) да “Қишлоқ яланг жой бўлгани учун Очиқ деб аталган ва кейинчалик Ача бўлиб кетган” деб изоҳлайди.
Булар ҳали ҳаммаси эмас. Булунғурда яна қанчалаб булардан ҳам қизиқарли номлар билан аталувчи қишлоқлар кўп. Уларни фанда ҳазил (ирония) жой номлар деб атайди ва улар ўз навбати ҳамда изоҳларини кутиб қолмоқда…
Сафарали ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистон География жамияти аъзоси, 13-мактаб ўқитувчиси.