Географик адаш номларининг пайдо бўлиши қадимий даврларда ҳам бўлган, ҳозир ҳам давом этмоқда. Бу ҳақда топономист Ҳ.Ҳасанов қизиқарли мисол келтирган. Олимнинг ёзишича, Андижон вилоятидаги Қашқарқишлоқ - кўчиб келган, қашқарликлар ўрнашган жой, маъносида келади. Шуниси ҳам маълумки, биз қашқарлик деб умуман уйғурларни айтамиз, Синсзяннинг энг тарихий шаҳри Қашқар бўлганидан шу ном машҳур бўлиб кетган. Шу билан бирга уйғурлар ҳам ўзбекларни, асосан Фарғона водийсидан кўчиб борганларни “Андижонлик” деб атаганлар” дейди. Шунга ўхшаш воқеалар ўтган ХХ асрнинг 60-70 йилларида Мирзачўлнинг ўзлаштирилиши натижасида янги қишлоқлар, хўжалик корхоналари билан бирга замонавий аҳоли манзиллари барпо этилди. Республиканинг турли бурчакларидан кўчиб келган чўлқуварлар уларга ўзлари билан олиб келган номларни беришган. Бу эса ҳудудда Андижон, Самарқанд, Хоразм, Фарғона каби қадимий адаш номларининг пайдо бўлишига сабаб бўлди.
В.А.Никоновнинг ёзишича, “адаш номларнинг пайдо бўлишига иккита асосий сабаб бор: биринчи - аҳоли миграцияси (кўчиши) натижасида эски номлар тўғридан-тўғри янги ҳудудларга кўчирилган, иккинчиси - ҳудудлар табиий шароитининг ўзаро ўхшашлиги адаш номларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган (Қ.Хакимов, Топономика, Т., 2016, 72)” дейди. Масалан, Европадаги Швейцария мамлакатининг номи дунёнинг энг чиройли, табиати гўзал жойларига нисбатан кўплаб қўлланилганлигини эшитганмиз. Айтайлик, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани - Ўзбекистоннинг Швейцарияси, деймиз. Шу сабаб АҚШ да 12 та Париж, 10 та Варшава, 8 та Москва номлари бор экан. Ёки Австралияда Буюк Британия шаҳарларининг адаш (эгизак) номдошлари кўп: Уэлс, Нюкасл, Кардифф ва бошқалар. Бунда Лотин Америкасида испанлардан кўчиб ўтган Севилия, Кордова, Барселона каби номларни келтириш мумкин. Ҳатто Венесуэла мамлакатининг номи ҳам Венеция номидан олинган бўлиб, кичик Венеция маъносини беради. Чунки, ушбу ном XV асрда испанлар томонидан берилган. Уларнинг Жанубий Америка қирғоқларида уйлари, сояларда қурилган хушманзаралари, аҳоли манзилларини учратиб, Венесуэлага ўхшатишган ва шу номни беришган. Кейинчалик бутун мамлакат шу ном билан аталган. Яна, Ҳамидулла Ҳасановнинг ёзишича:
- географик номларнинг кўчишига кишиларнинг Ватанидан хотира сақлаши;
-ўхшаш табиий шароитларнинг мавжудлиги;
-ҳудуднинг географик ўрни;-инсонларнинг хўжалик фаолияти асосий манба ва таъсир бўлиши мумкин, деган фикрлари ҳам бор.
Хўш, унда бизнинг Булунғур номининг қаерларда қанча маънодош ва адашлари бор? Бундай саволнинг туғилиши табиий ҳол. Агар сиз ўлкамиз тарихига оид китобларни ўқийдиган бўлсангиз, дастлабки Булунғур ҳақидаги маънодош-адаш номларни учратасиз. Масалан, улардан энг дастлабкиси Х асрда яшаган араб сайёҳи Ибн Ҳавқалнинг “Ернинг сурати” китоби (Т., 2011 йил, 206-бет) да “Бу ном қадимги Эроний “упа-вар-ман” ва сўғдча “жан” – сой, ариқ сўзларидан ясалган, деб берилган. Демак, бу ном Доро даврига тегишли ном бўлиб, иккинчиси маҳаллий ном бўлгани кўриниб турибди. Кейин унинг номи араблар даврида “Наҳри Бузмажон” бўлгани кўп бор айтилган. XIV асрга келиб Шарофиддин Али Яздийнинг “Зафарнома” китоби (Т., 1997 йил, 322-бет) изоҳлари қисмида, Муҳаммад Али матнида Булунғур ўрнига Ялонғул деб хато ёзган деган жумла бор. Менимча Муҳаммад Алидек киши бу номга келганда хато ёзиши мумкин эмас. Ундан кейинги кўпчилик тарихий асарларда уни Булунғур деб атай бошлаган. Лекин, топономистлар Н.Бегалиев ва А.Туробовларнинг “Самарқанд топономияси” китоби (Сам., 2015 йил, 36-бет) да яна бир янгилик бор. Бунда Булунғурни маҳаллий аҳоли Қумариқ номи билан ҳам атайди, деб ёзилган. Бу ном унинг бир тармоғига тегишли бўлса керак. Чунки, унинг бир тармоғини Гилдон-тупроқсой деб ҳам атайдиганлар бор. Демак, Булунғурнинг маъно жиҳатдан адашларининг сони 7 тага етди. Хўш, унинг соф адашлари борми? Яна ўша “Самарқанд топономияси” китобида келтиришича, Сурхондарё вилоятида Булунғур номли сой, Хитойнинг Гансу вилоятида Булунсзир, яъни Булунғур деган дарё бор экан. Ушбу жумлани ўқигач кўп ўйладим. Сурхондарёга Булунғур номининг бориб қолишига ХХ аср бошларида Булунғурдан ўша томонларга сургун қилинганлар билан бу ном ҳам бориб қолганлиги сабаб бўлган, деган хулосага келдим. Лекин, бу номнинг Хитойнинг Ганзи вилоятига қандай бориб қолишига келганда уни ақлимга сиғдира олмадим. Балки бу ном биздан Хитойга эмас Хитойдан бизга келиб қолгандир... у томони бизга анча қоронғу. Балки бу “Танг давлатининг тарихи” (618-626) китобида хабар берилганидек, 629-630 йилларда жўнатилган элчилар билан боғлиқ ёки уларнинг кўпи Булунғурлик бўлганидан, шу йўл билан жўнатилган элчилар билан Булунғур номи олиб кетилган бўлиши мумкин. Нима бўлганда ҳам бугунги Булунғур дунёнинг уч жойида тилсиз сув бўлиб оқмоқда.
Сафарали ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистон География жамиятининг аъзоси.