Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг шоҳ асари «Бобурнома»ни севиб ўқувчиларга Самарқанддан (шарққа) Жиззахгача бўлган воқеаларда тилга олинган жой номларининг бугунги ўрни ва қандай аталишини турли китобдан излаб изоҳладим.
Хўп улар қандай жойлар?
1. Самарқанд. Буни Бобурнинг ўзи “Бобурнома”да (ўзбекча тадбили Т., 2019, 55-б) “Ер юзининг аҳоли яшайдиган қисмида Самарқандча латиф шаҳар камроқдир. У бешинчи иқлимдандир ... Шаҳри Самарқанд вилоятини Мовароуннаҳр дейдилар. Самарқандни Искандар бино қилган. Мўғул ва турк улуси Семизканд дерлар. Темурбек (Амир Темур) пойтахт қиган эди” деб изоҳлаган.
2. Суғд. Уни Ҳ.Ҳасанов ўзининг “Ўрта Осиё жой номлари тарихидан” рисоласида (Т., 1965. 75-б), “Суғд: 1) Суғдиёна-умуман Зарафшон водийси; 2) Суғдни икки қисмга бўлганлар: Суғди (Бухоро ва Қашқадарё водийси) ва Суғди-Самарқанднинг шарқий қисми” деб изоҳлайди.
3. Конигил қўриғи. Бу жойни Н.Бегалиев ва А.Туробовлар ўзларининг Самарқанд топономиясида (Сам., 2015, 58-б) “Конигил - Самарқанд шаҳрининг шарқий чеккасида, Чўпонота тепалиги атрофидаги сайхонлик, ҳозирги Конигилқишлоғи яқинида. Бу ном ҳақида турлича изоҳлар бор. Аммо ҳақиқатга яқини “Гил конидир”. Чунки, мазкур жойда “гилмоя кони мавжуд” деб таърифлаган. Шунингдек, номдаги “қўриқ” сўзини М. Кашғарий ДЛТда “Қўриқ - амирларга тегишли қўриқланадиган, кўкаламзор майдон” деб изоҳлаган.
4. Конигил суви. Бу номни Абу Тоҳирхўжа ўзининг “Самария” китобида (Т., 1991, 21-б) “Сиёҳоб (қора сув) ариғи бошлаб бир талай булоқлардан пайдо бўлиб, Конигилгача оқиб келади. Унда иккига бўлиниб, биринчи бўлаги Кўҳак (Зарафшон) дарёсига оқиб кетади ва иккинчи бўлаги иккига ажралиб, биринчи бутоғиким, Обираҳмат аталади” деб берилган.
5. Хон юрти. Буни Бобурнинг “Бобурнома”сида (тадбили, 59-б), "Бу сайҳонлик (Конигил)нинг юқорисида, жануби-шарққа томонда яна бир ўланг мавжуд бўлиб, Хон юрти деб номланган. У Самарқанднинг шарқий томонидадир, Самарқанддан бир йиғоч (8 км.) нарида. Қорасув унинг ўртасидан ўтиб, Конигилга боради. Хон юртига бу Қорасув юқоридан шундай айланиб келадики, ичида бир лашкаргоҳ сиғадиган ери бор. Чиқар ери хийла тордир. Бу ернинг хушҳаволигини кўзлаб, Самарқанд қамалида бир неча вақт бу ерда тўхтаган эдик”, деб Жомбой ерларига ишора қилган.
6.Бўдана қўриғи. Аслида Самарқандда улар иккита. Бу биринчиси бўлиб, Н.Бегалиев ва А.Туробовларнинг “Самарқанд топонимияси”да (34-б), “Амир Темурнинг Дилкушо боғининг” жануб томонида (Панжикентга кетадиган йўл яқинида). Бедана қўриқ-ўзлаштирилимаган кенг майдон” деб изоҳланади.
7.Коҳак. Уни “Самария”да (20-б) “Коҳак(форсча) - кичик тоғ дегани. У Самарқанд шаҳри ва Зарафшон дарёси орасида, шаҳарнинг шимоли-шарқий тамонидадир”, деса тарихчи Сатторийда (63-б) “...ҳозирда Чўпонота тоғи деб аталади” дейди. Яна (20-б) “Ушбу тоғда дарахтлар ва булоқлар бор. Кўклам палласида ушбу тоғда ва унинг яқинидаги боғларда лолайи, ранойи, қизил ва кўк бинафша кўкаради. Гаж кони ҳам ушбу тоғда топилади. Кумуш, мис ва қўрғошин кони бор бўлса ҳам кирими чиқимига етмайди” деб кенг изоҳлайди.
8. Кўҳак суви. У “Самария”да (20-21-б.) “Зарафшон дарёсиким, уни Кўҳак дарёси деб юритадилар. Бошлаб кунчиқар тоғлардан чиқиб унга Искандар булоғи - Искандар кўли суви ва Масчо тоғларидан чиқадиган булоқлар қўшилади. Бошқа сувлар ва булоқлар билан бирикиб, дарё бўлиб, Самарқанд вилоятини сув билан таъминлаб, Қоракўлгача бориб етади. Унинг узунлиги 120 тошдир. Самарқанд шаҳри қўрғони дарёнинг ғарб ва жануб томонидадир” деб таърифланган.
9. Хожа Дийдор (уни роса уч йил изладим). Охири “Паяриқнома”дан (Т., 2019, 86-б) топдим. Унда айтишларича, “Хожа Дийдор -Хожа учрашуви деган маънони беради. У Самарқанддан Жиззахга борадиган йўл, қадим Алиободнинг Қорасув ариғи устига қурилган ғиштин кўприк харобалари (ҳозир ҳам бор) ёнидаги Кўктепа тепалиги ўрни бўлиши мумкин”, деб маълумот берилган. Ёки уни “Паяриқнома”да (20-б) “Челакдан 5 км. жанубда, шарқда, Самарқанд томонда”, деб изоҳланган.
10. Шероз қўрғони. Бугунги Булунғур шаҳридан бир тош шарқдаги харобалар ўрнида бўлган. Уни Б.Аҳмедов ўзининг “Амир Темур” романидаги (Т., 1995, 631-б) изоҳида, “Шероз - шу туман маркази. Самарқанднинг шарқида, ундан тўрт фарсаҳ (32 км.) масофада жойлашган шаҳарча” деб изоҳлаган.
11. Равот Хожа қўрғони. Ўрта аср китобларида ҳозирги Ургут - Шавдор тумани деб тилга олинади. Равот Хожа қўрғони эса Шавдорнинг маркази бўлган. Уни тарихий китобларда “Варағсар (сўғдча) - Тўғон боши” деб берилган. Кейинги даврда уни ”1 - май тўғони” деб ҳам аташмоқда.
12. Қоробуғ пуштаси. Қоробуғ (сўғдча) - қор-тоғ, буғ олди бўлиб, пуштасини Бобурнинг ўзи тепалик, деб изоҳлаган. Демак, Қоробуғ пуштаси - тоғ олди тепалиги бўлади.
13. Васманд қўрғони. Бу номнинг биринчи қисмидаги “Варс (форсча) -деҳқон, ман – кишилар” маъносида келиб, қўрғон - атрофи ўралган жой дегани. Унинг ўрни бизнинг тахминимизча Бахмал тумани Сангзор водийсида. Чунки, Сангзорда Басманд деган ирмоқ бор.
14. Бедана қўриғи. Бу Бобурномадаги иккинчи шу номли қўриқ бўлиб, Б.Аҳмедовнинг “Амир Темур” асарида берилган изоҳда (599-б) ва “Абдулланома”да (Т., 2000, 387-б.) келтиришича “Бедана қўриғи Самарқанддан 35 км. шарқда (Булунғур туманидаги ҳозирги Бедана қишлоғи ўрнига тўғри келади” деб изоҳлаган.
15. Асфидак қўрғони. Уни баъзи тарихий китобларда “Ёрёйлоқнинг бош кентларидан бири бўлган” дейди. Уни “Жой номларининг қисқача изоҳли луғати”да (159-б) у ном икки бўғиндан Асфи (форсча) -от ва иккинчи қисмидаги дак - қишлоқни билдириб, “чавондозлар қўрғони” маъносига тўғри келмоқда. Демак, у ҳозирги Булунғур ва Ғаллаорол туманлари орасида бўлган.
16. Халилия - Улуғ Халилия. Уни ёзувчи П.Қодиров ўзининг Бобур ҳаётига бағишли “Юлдузли тунлар” асари (Т., 1990, 139 б) изоҳида “Халилия - ҳозирги Ғаллаорол яқинидаги қадимий қишлоқ” деб келтирган. Ёки уни Бобурноманинг бошқа нусхаларида “Улуғ – Халилия” деб ҳам берар экан.
17. Худак кенти. Бу шаҳарнинг ўрнини аниқлай олмадик. Лекин, бу номнинг маъносини “ху - шамол, дак – қишлоғи” деб билиб, Бахмалдаги Бўрон қишлоғи эмасми деган хаёлга келдим. Иккинчиси Қатвондаги шаҳарми деб иккиланиб юрибман.
18. Сангзор суви. Бу асосий сувини Туркистон тоғ тармоқлари ва Туятортардан олувчи дарёча. У Жиззах шаҳри ва унинг атрофини сув билан таминлайди. Сангзор - форсча сўз бўлиб,“тошлоқ дарё” маъносини беради.
19. Ёряйлоқ. Буни Б.Аҳмедовнинг “Амир Темур” асари изоҳларида (603-б) “Ёряйлоқ - Зарафшоннинг ўнг соҳилида, Шероз туманининг кун чиқиш тарафида ўрнашган манзилгоҳ” деб изоҳлаган. У ҳозирги Бахмал, Ғаллаорол, Булунғур ва қисман Паяриқнинг тоғ олди ҳудудларининг умумий номи деб айтиш мумкин.
20. Шунқорхона. Унинг маъноси “Бургут уя” бўлиб, ҳозирги Туркистон тоғларининг бир тармоғи. Унинг иккинчи маъноси “тик қояли тоғ”дир.
21. Илонўти. Бу жой анча тарихий ва табиий-географик йўлак бўлиб, турли китобларда у турли номлар билан аталади. Уни Самарқанддан Жиззахга ўтганлар орасида кўрмаган ва билмаганларнинг ўзи бўлмаса керак.
22. Сангзор қўрғони. Уни тарихий китобларда “Ёряйлоқ (Жаржайлов)нинг бош қўрғони” деб беради. Бизнинг тахминимизча у Илонўти билан Жиззах орасида бўлган.
23. Дизак. Америкалик сайёҳ Ю.Скайлер ўзининг “Туркистон” асарида (Т., 2019, 172-б) “Дизак-калит” дейди. Топономистлар З.Дўсимов ва Х.Эгамовлар “Жой номларининг қисқача изоҳли луғати” (62-б)да “Дизак (суғдча)–Диз-қалъа, ак–кичик” дегани бўлиб, Бобур изидан юрсак шундай жойларни учратамиз.
Бу каби жой номларини билиш ҳар бир киши учун биринчидан – тарихимизни ўрганиш бўлса, иккинчидан – кишининг билимини оширади, жой номларига оид маълумотларини бойитади.
Сафарали ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистон География жамияти аъзоси.