бу ҳақда тарихий манбаларда илк маълумотлар мавжуд
Биз яшаётган бу дунёда Осиё - кўҳна шаҳарлар ўлкаси. Ундаги қадимий шаҳарлар бундан 3-4 минг йиллар олдин пайдо бўлган. Улар орасида дастлаб Вавилон (Бобил) милоддан олдинги VII асрдаёқ “миллионер шаҳар” (аҳолиси 1 миллиондан ортиқ) бўлган. Ҳозирги пайтда Қадимги Троя (Туркия), Палмира (Сурия), Боолбек (Ливан), Махенжо Даро (Покистон), Варахша (Ўзбекистон) каби машҳур шаҳарларнинг вайроналари (ўлик шаҳарлар) сақланиб қолган. Лекин, улар орасида негадир Афросиёб (Самарқанд) йўқ. Чунки, бунинг сабаблари кўп бўлган экан. Шулардан бири 1968 йилда Самарқанднинг асл ёшини атайин кичрайтириб - “Самарқанд 2500 ёшда”, дейилади. Ваҳоланки, Самарқанднинг асл ёши 3800 йилдир. А.Берунийнинг (Қонуни Маъсудий, IIтом, 576-бет.) ёзишича, “Самарқанд Александр Македонский (Искандар Мақдуний) Туронга келишидан 1500 йил аввал ҳам мавжуд бўлган”, деган жумла бор. Демак, Искандарнинг милоддан аввалги III асрда босқин қилганини ҳисобга олсак, Самарқанднинг ёши 3800 йил бўлиб чиқади. Лекин, Шўролар даврида “Шарқнинг Ғарбдан ҳеч қандай устунлиги бўлмаслиги керак”, деган сохта қарашлари шундай кўрсатилган. Ҳатто, “Самарканд - ровесник Рима” (Самарқанд - Римнинг тенгдоши), деб атаган” (Ватан туйғуси, Т., 1996, 142-бет) экан. Мана сизга ҳақиқат.
Хўш, унда қадимий Боркат (Булунғур шаҳри ўрнида бўлган)нинг ёши нечада?
Аслида шаҳарларниям инсонларга қиёсласак, унда Боркат бугун кўп тилга олинаётган Шерознинг “катта отаси” ва Бузможаннинг “ўғли”га тўғри келади. Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” китоби (Т., 1994, 347-бет) да “Шероз - Самарқанднинг шарқ тарафида, ундан 4 фарсаҳ нарида жойлашган Каттақишлоқ, А.Темур тарафидан Бузможан қишлоғи ўрнида бино қилинган”, деган изоҳ бор. Боркат ҳақидаги дастлабки маълумотлар Х асрда яшаган араб сайёҳи ибн Ҳавқалнинг “Китоб сурат ал-ард” (“Ернинг сурати” китоби), Мовароуннаҳр” (Т., 2011, 210-бет) да “Аборкат ёки Боркат - Самарқанддан 4 фарсах (32 км) масофада жойлашган шаҳар. Исломдан олдин бу шаҳар Усрушонага қарашли бўлган, кейин маъмурий жиҳатдан Самарқандга ўтган. Унинг қолдиқлари Самарқанддан шимоли-шарқдаги Оқтепамитан қишлоғи ёнида жойлашган”, деб изоҳ келтирилган. Демак, бу жой айнан Шероз ўрнига тўғри келади. Минг афсуски, бирорта асардан Боркатнинг ёшини топа олмадим. Шу сабаб “сўз ўйини” усулидан излашга қарор қилдим. Чунки, ота-боболаримиз шунчалар доно бўлганки, ҳатто улар ўз асарларида сўз ичига сонларни ёки сонлар ичига номларни яширадиган одатлари бўлгани эсимга тушиб қолди.
Бу ерда “Ўлик шаҳар” деб берилган Варахшанинг ёшини топиш билан Боркатнинг ёшини ундан аниқламоқчи бўлдим. Чунки, Боркат икки қават ер қаърида қолган ўлик шаҳардир. Уни Ўзбекистонда энг машҳур топономист (жой номларини ўрганувчи) олим Х.Ҳасановнинг “Ўрта Осиё жой номлари тарихи” китобидан (Т., 1965, 62-бет) Варахша ҳақида маълумот излаганимда “Варахша (Фарахша) - Бухородан 30 км. шимоли-ғарбдаги қадимий шаҳар харобалари”, деган маълумотини олдим холос. Бу жуда кам ёш экани тўғрисида бутунлай гап йўқ.
Кейин уни топномистлар З.Дўсимов ва Х.Эгамовларнинг “Жой номларининг қисқача изоҳли луғати” (Т., 1977, 37-бет) китобида “Варахша - Бухоро шаҳридан 40 км. Ғарбда, чўл бўлиб ётган қадимги Ражфанотун ёки Рахфандун воҳасидаги қальа харобаси. Варахша харобалари атрофида топилган буюмлар бу ерда тош даври (эрамиздан олдинги минг йиллик) ва ундан кейинги даврларда ҳам одамлар яшаганлигидан далолат беради. Қадимги тарихий асарларда бу номнинг “афрахша, барахша, фарахша”” шакллари ҳам учрайди”, дейилган.
Топоним (жой номлаи)нинг биринчи қисмидаги “вар” - қўрғон, қалъа деган маънони билдиради. Иккинчи қисмидаги “ахша” сўзи қабила номи бўлиши мумкин. Бинобарин, “ахси” - (яхши)лар қўрғони ёки қаъаси демакдир, деб изоҳланганини ўқиб қолдим. Бу ерда мен учун аҳамиятли фикр “Варахшанинг баъзи асарларда Барахша шаклида ҳам учрайди”, дейилгани бўлди. Демак, ўша даврларда В товуши билан Б товуши номларда алмашиб турган, деган хулосага келдим. Маълумотни бойитиш учун асарни ўқишда давом этиб, қуйироқда “вар” сўзи сўғдча “аҳоли яшайдиган ва чорва молларини сақлаш учун чор девор билан ўралган қадимги истеҳкомларни билдиради. Ўзбекистонда бундан 3000 йил илгари бино қилинган катта шаҳар ва турар жой қолдиқлари “вар” сўзи билан алоқадордир. Далварзин, Варахша, Вардани” каби деб Варахшанинг бундан 3000 йил аввал бино бўлганини тасдиқловчи иккинчи далилни берди. Эндиги вазифа, Варахшанинг Барахша бўлиши сабабини топишдан иборат эди. Шунда Зоминликларнинг Булунғур шевасига яқинлиги эсимга келиб қолди ва Б.Тўйчибоев ва Қ.Қашқирлиларнинг “Зомин тил қомуси” китоби (Т., 2012, 12 бет)да “Туркий тилларда тарихан ва ундоши ҳам бўлмаган. Унинг вазифасини б товуши бажарган”, деган жумласини ўқиб қолдим.
Яна Самарқандлик тилшунослар Н.Бердалиев ва А.Туробовларнинг “Самарқанд топономикаси” китоби (Сам., 2015, 33-бет) да Боркатни Баркат деб атагани қўшимча умид бўлди. Шундан сўнг Баркат деб, даврдан келиб чиқиб унинг номи Варкат бўлиши мумкин, деган хулосага келдим. Бу ерда “вар” ва “бар” сўзлари маъно жиҳатдан бир хил бўлиб, сўғдча “қўрғон, қалъа” сўзларига тўғри келади. Кейин Боркатнинг Баркат бўлиши, Баркатдаги “бар” билан Варахшадаги “вар”нинг бир хил маънода келиши билан Боркат ёшининг 3000 йил эканлигига шубҳа қолдирмади. Боркат номининг иккинчи қисмидаги “кат” сўзи эса М.Қошғарийнинг ёзишича “кунчиқар томондаги ҳар бир шаҳарга айтилади” (ДЛТ, I том, 327-бет) деб изоҳлаган. Бундан ўша вақтларда Боркатнинг қалъа, қўрғон-қалъа шаҳар бўлгани ҳам маълум бўлди.
Демак, Боркат билан Варахша ҳар жиҳатдан тенгдош экан. Бу эса Боркатнинг дастлабки Булунғур шаҳри ўрнидаги шаҳар бўлганидан, бугунги Булунғур шаҳри ёшининг 3000 йилдан ошганлигини исботлашга асос бўлди. Лекин, биз ҳали Боркат у ёқда турсин ундан юқоридаги Бузможанни ва ернинг энг устидаги Шерозни яхши билмаймиз. Аслида уларнинг ҳаммаси бир жойда бўлиб, уларни академик Ю.Ф.Буряков Самарқанддан 30 км. узоқликдаги масофада жойлашган Ғиштлитепа ёдгорлигини Боркат шаҳри харобаси, деб ёзади. Булунғур бўйидаги Болғалитепа ёдгорлиги эса Шероз шаҳри, деб изоҳлайди.
Кўплар Булунғурда яшаб, ҳали тарихимизни чуқурроқ ўрганиш ва жойлар тарихини фарқлашдан узоқ. Чунки, Боркатни Шероз дегувчилар бор. Қиёсан, Боркатни Антарктика, Шерозни Антарктида дейиш мумкин. Шунда 12 яшар бола ҳам уларнинг фарқини билади ва фахрланиб ўсади.
Сафарали ЖАЛИЛОВ,
Ўзбекистон беография жамияти аъзоси.