Ёшларнинг севимли устози Гуласал Соатова Лалмикор маҳалласининг Эшмонтўп қишлоғида туғилиб вояга етди. У мактаб ўқувчилиги давридаёқ она тили ва адабиёти фанига ва ўқитувчиликка меҳр қўйди. Мактабни “аъло” баҳолар билан битирган Гуласал Соатова катта ниятлар билан Жиззах Давлат педагогика институтида она тили ва адабиёт йўналиши бўйича таҳсил оди. 1996 йилдан буён туманимизнинг энг олис бурчаги - Ғўбдин тоғи этагидаги 25-умумтаълим ўрта мактабида ўқувчиларга она тили ва адабиёт фанидан дарс бера бошлади.
– Ўзбек тили туркий тиллар оиласига мансуб, у ер юзидаги энг қадимий ва энг бой тиллардан бири ҳисобланади. Ўзбек тилида оламга машҳур кўплаб илмий-бадиий асарлар яратилган. Мана шулар хусусида ўқувчиларимга мароқ билан гапириб бераман, - дейди тажрибали ўқитувчи, ёшларнинг севимли устози Гуласал Соатова. - Ҳар йили “Тил” байрами муносабати билан мактабимиз ўқувчилари иштирокида қизиқарли тадбирлар ўтказиб келаяпмиз. “Давлат тили” байрами арафасида “Тилга эътибор - элга эътибор” мавзусида тадбир ўтказдик. Унда ўқувчиларимиз машҳур кишиларимизнинг тилга доир шеърларини ифодали ўқишди, саҳна кўринишларида тилимизнинг шаффофлигини намойиш этдилар.
Мактаб ўқувчилари иштирокидаги бу тадбир ота-оналарда, тадбир иштирокчиларида катта таассуротлар қолдирди.
Раббим ҲОТАМОВ.