(Булунғур - мўғулча “Лойқа сув эмас”)
Ҳазрат Алишер Навоий ҳақидаги ривоятлардан бирида шоир тилидан тажрибасиз ҳаттотнинг иши тўғрисида “қалам ўлсун кўзни кўр қилган” деган ибора келтирилади. Чунки араб алифбосида “З” ҳарфи билан “Р” устига қўйиладиган нуқтасидан фарқ қилади. Унда ҳаттот шошиб “Р” устига қўйилиши керак бўлган ўша нуқтани қўймагани ва унинг оқибатида нима бўлиши ҳақида гап кетган. Биз эса бир нуқта эмас, бутун бошли ҳарфларни кўп бўлмасада алмаштириб айтамиз, ёзамиз ва бошқалар шундай деб ўқийди. Натижада... нималар бўлади, номнинг маъноси нимага айланади? Буни ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Аввало, мен тилчиларнинг барчасидан нотўғри гапирадиган бўлсам узр сўрайман. Чунки, мен географ бўлганим учун жой номлари ўша жойда яшаётган халқ тилида қандай айтилса шундай ёзилади ва ўқилиши керак, деб тушунаман. Сизлар эса бунда ёзувдаги Булунғур, халқ тилидаги Булунгур ёки Булунгирларнинг маъно жиҳатдан қандай фарқ қилишини кўрасиз. Дастлаб Навоий ривоятидек ҳолатни З.Дўсимов ва Х.Эгамовлар муаллифлигида ёзилган “Жой номларининг қисқача изоҳли луғати” китоби (Т., 1977, 34 б) да “Булунғур - Самарқанд областида, Булунғур районининг маркази. Зарафшон водийсида шу номли қишлоқ ҳам бор.
С.Қораев, Булунғур топономи шу номли ариқ асосида пайдо бўлиб, мўғулча “лойқа сув” демакдир, деб изоҳлайди.
Булун сўзининг “Асир, тутқун” маъноси ҳам бор (ДЛТ, 1, 38).
Булунғур - “Асирлар макони” деган маънони билдирса керак. Ариқ кейинчалик шу қишлоққа сув бергани учун қишлоқ номи билан номланган, деб ёзиш билан бир эмас бир неча изоҳлар хатога йўл қўйган. Чунки М..Кошғарийдек машҳур олим бундай изоҳ бериши мумкин эмас (бахтга қарши менда ДЛТ китоби йўқ) деб, унинг замондоши Ю.Ҳ.Ҳожибнинг “Қутадғу билиғ” (Бахт саодатга эриштирувчи билим китоби (Т., 1990) дан шу сўз изоҳини (167-б) излаганимда “Булун” эмас, “Бўлин” сўзини ўша вақтларда “гул, аср, банди” дейиши аниқ бўлди. Демак, бу ерда Кошғарий бу сўзни айтган бўлса ҳам Булунғурни оқим йўлида кейинги сувларни қўшиб олишига нисбатан ишлатган бўлиши мумкин. Чунки, у вақтларда ҳали Туятортар қазилмаган. Булунғурнинг ўнг томонидаги баланд қир ва сойлардан кўплаб сел сувлари оқиб келиб қўшилишини (асир олгандек) тутиб қолади деса “доно” муаллифлар уни тушунмай изоҳ беришда нотўғри фойдаланган.
Бу ерда “у” ҳарфи билан “ў” ҳарфининг фарқи йўқми? Қолаверса, бу Навоий ривоятида келтирилганидек, ёмон иш эмасми? Шундан сўнг уларнинг барча изоҳларига шубҳа билан қараб, С.Қораев ҳам ростдан “Булунғур топономи шу номли ариқ асосида пайдо бўлиб, мўғулча “лойқа сув” демакдир”, деганмикан деб изландим. Ҳақиқатда С.Қораев ўзининг “Географик номлар маъноси” китоби (Т., 1978, 74) да Булунғур - мўғулча лойқа сув, деб ёзган экан. Кейин энг оммабоп Ўзбекистон Миллий Энциклопедияси (Т., 2001, II, 245) да ҳам Булунғур (мўғулча) – булугар - лойқа сув. Зарафшон водийсининг энг қадимги каналларидан бири, деб изоҳлаган. Натижада, бу гап барча ўзбек тилини биладиганлар орасида тарқалиб кетишига сабаб бўлган. Лекин, менинг бу изоҳларга шубҳам ва эътирозим бор. Сабаби - изоҳларда мантиқ йўқ. Гўё Булунғур кеча пайдо бўлиб қолгандек, ёки уни бошдан оёқ кўрмаган, бир-биридан кўчириб китоб ёзувчиларнинг изоҳидан бошқа гап эмас, деган хулосага келдим. Чунки, Ўзбекистон топономистларининг отаси, география фанлари доктори Ҳ.Ҳасанов ўзининг фан номзодлиги даврида ёзган “Ўрта Осиё жой номлари тарихидан” илмий асари (Т., 1965) да худди Булунғурга ўхшаш Бўзсувни “лойқа сув” дейиш ўринлимикан? Ахир сарғиш-лойқа ранг фақат Бўзсувга хос эмас, бошқа ариқлар ҳам шундай лойқа-ку” (48-б) дейиш билан Булунғурга берилган “лойқа сув” изоҳининг номуносиблигини айтиб, уни рад этган. Бу ҳақда Бобур бир оғиз айтмаганда бошқаларга йўл бўлсин. Қолаверса, Булунғурнинг мўғулча сўздан олинган изоҳини нотўғри деб уни инкор этувчилар кўплаб топилади. Масалан, топономист С.Йўлдошева ўзининг “Маърифат газетаси” (1993,28/07-сони) да эълон қилган “Номлар муқаддасдир” мақоласида “... жойлар номлари ҳам тил, тарих ва қадриятни минг йиллаб асровчи атамалар саналади. Бу ёдгорликларнинг ҳаммасини биз келажак авлодларга иложи борича тўлиқ ва аниқ етказиб беришимиз лозим. ...биз Булунғур сўзининг маъносини излар эканмиз, ҳозирги маълум манбалардан уни топа олмаймиз. Шу боис бу сўзни бир неча бошқа кўринишларга бўлиб, унинг маъносини қидиришимиз мумкин. Айтайлик булунни “булун” деб, ғурни-“ғор” деб. Лекин, бу усул ғайриилмий бўлиб чиқади. Шу боисдан булунғур сўзининг маъносини биринчи навбатда туркий тилларга энг яқин тиллардан ахтарамиз. Олимлар шундай ҳам қилишган. Натижада, булунғур сўзининг маъноси мўғулча эмас, бурят тилида “лойқа сув” эканлиги аниқланган” деб ёзади. Демак, кеча булунғурни (мўғулча) - “лойқа сув” деб оламга жар солганлар бугун уни бурятча деб изоҳлашларидан эртага туркийча деб айтишлари ҳеч гап эмаслиги кўриниб қолди. Натижада, булунғур сўзининг маъносини туркий тиллар луғатидан излай бошладим. Қолаверса, маҳаллий халқ ўз шевасида уни Булунғур эмас, кўпинча Булунгур ёки Булунгир деб аташига эътибор қаратиб изландим. Шунда филология фанлари доктори А.Матғозиев томонидан нашрга тайёрланган “Ҳотамнома” (Т.,1988) асари 108-саҳифасининг матн учун берилган изоҳидан Булунғур учун зарур “булунг” (қадимий туркийча)-“бурчак, томон” маъносида келишини топдим. Бу қимматли дадил бўлиб, шунга яқин маъноларни Қозоғистонлик топономистлар кўп бор ишлатгани эсимга тушиб, ундаги томон сўзи булунғурнинг Зарафшондан ўнг томондалигини билдирса, бурчак сўзи унинг Зарафшондан сув олишига ишора экан. Кейин булунғур сўзининг иккинчи қисми “ур” ёки “ир” қисми маъносини эса рус топономисти В.Н.Поповнинг “Гидрономы Повлодарский области” (Повлодар вилоятининг сувлари) илмий китоби (Томск., 1966, 19) дан топдим. Унда “... эрон тилига хос ир (ур), ар қўшимчаларини сув сўзи билан боғлайди. Шунингдек, “ир”, “ур” сўзларидан Ўрта Осиёда жуда кўп сув номлари ясалган”лигини ёзган. Яна шунга алоқадор “ир” сўзига мисолни Ўрта Осиёнинг сув ўсимликларига бой кўлларида ўрдаксимонлар оиласига мансуб, ёввойи ҳолда яшовчи Ирғо қушининг шундай номланиши ҳам дадил бўлди. Чунки, ирғо сўзи туркийча ир- “сув”, ғо-“ғози” деган маънони билдиради. Энди барча тўпланган маълумотларни умумлаштириб Булунғур ёки Булунгир номига изоҳ берадиган бўлсак, Булунғур - соф туркийча бўлиб, Булунг-“бурчак”, ур-“сув” маъносини бериши билан “бурилма сув” ёки “бурилган сув” деган маъноларда экан. Қолаверса, Булунғурнинг бундан минг йиллар олдинги Бузможан номининг изоҳи ҳам шунга яқин. Уни кейинги (Ўрта асрларда) Ш.Али Яздийнинг “Зафарнома” (Т., 1977) асарида М.Алининг “Яланғур-“кенглик, яйлов сув” (322 б) деб ёзилганлигида яна бир бор кўрамиз. Лекин, бу фандаги кўп мунозарали ва далиллар асосида инкор этиб бўлмас мунозарали далиллардир. Шунинг учун буни турли илмий китобларда ва турли олимларнинг фикрлари асосида Булунғур деб аташ ҳамда ёзилишини тўғри деб, маъносини эса туркийча унғур сўзи асосида пайдо бўлган, унгур - “қисқа, кенг ғор” бўлиб, ҳеч қандай “лойқа сув” эмас, “ғор сув” маъносини билдиради деган изоҳга тўхтадим. Токи буни келажак авлод ўз билим тарозисида тортиб, қайси изоҳни тўғри деб билса шуни танласин.
Сафарали ЖАЛИЛОВ,
13-умумтаълим мактабининг
олий тоифали ўқитувчиси.